Иссиқлик электр станцияларидаги жами 55 та энергоқурилма мукаммал, ўрта ва жорий таъмирланди

ЖАМИЯТ 29.11.2023, 11:43
Иссиқлик электр станцияларидаги жами 55 та энергоқурилма мукаммал, ўрта ва жорий таъмирланди

Жорий куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида белгиланган режага асосан “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ томонидан иссиқлик электр станцияларидаги жами 55 та энергоқурилма, жумладан, 14 та энергоблок, 19 та қозон қурилмаси, 9 та буғ-газ қурилмаси, 1 та газ-турбина қурилмаси мукаммал, ўрта ва жорий таъмирланди. Бу ҳақда “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ Матбуот хизмати Darakchi.uz'га маълум қилди.

Хабарда айтилишича, туну-кун фаолият юритган ишчи-гуруҳлари томонидан аниқланган камчиликлардан келиб чиқиб, режадан ташқари 16 та асосий ва ёрдамчи қурилмаларда кенгайтирилган таъмирлаш ишлари бажарилди.

Шунингдек, “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ томонидан Тошкент иссиқлик марказларида катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ва модернизация ишлари бошлаб юборилди. Хусусан, Шайхонтоҳур туманидаги “Ғарбий” 3-сонли ва Учтепа туманидаги “Чилонзор” 5-сонли иссиқлик марказларида модернизация ишлари амалга оширилди. Иссиқлик марказларининг ҳар бирида 2 тадан қозон реконструкция қилиниб, анъанавий ёқилғи бўлган табиий газ билан бир қаторда мазут ёқишга мослаштирилди. Эътиборлиси, қурилманинг гибрид шаклида ишлаши аномал совуқ об-ҳаво шароитида ҳам, мазут ёқиш эвазига истеъмолчиларни 108 даражагача иссиқ сув билан таъминлаш имконини беради. Маълумот учун, авваллари бу кўрсаткич 36-38 даражадан ошмаган.

Қолаверса, “China National Technical Import and Export Corporation” (CNTIC) компанияси билан эришилган келишувларга кўра, Тошкент шаҳри аҳолиси ва пойтахт иқтисодиёт тармоғи корхоналари учун қўшимча қувватлар яратилади. Пойтахтимиз истеъмолчиларининг электр ва иссиқлик энергиясига бўлган талабини қондириш мақсадида 4-иссиқлик марказида, шунингдек, Миробод, Мирзо Улуғбек, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Яшнобод ва Учтепа туманларида янги, замонавий ва энергосамарадор когенерацион қувватлар жорий этилади.

Бундан ташқари, АҚШнинг “General Electric Global Parts and Products GmbH” корпорацияси билан ҳамкорликда электр станцияларидаги амалдаги энергоблокларнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар олиб борилмоқда. АҚШлик ҳамкорлар билан олиб бориладиган лойиҳаларнинг яна бир муҳим жиҳати “Ўзбекэнерготаъмир” АЖнинг ёш мутахассислари ва ходимларининг малакасини ва касбий маҳоратини ошириш масаласи бўлиб, улар америкалик мутахассисларни жалб қилган ҳолда таъмирлаш ва созлаш ишларида иштирок этадилар. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали ёшларимиз дунёда тан олинган электр қурилмаларини бошқариш ва улар билан ишлаш бўйича билим ва тажрибаларини ривожлантиришга имконият яратилди.

Хитойнинг жаҳонга машҳур “State Grid” корпорацияси таркибидаги “China Electric Power Equipment and Technology Co., Ltd.” компанияси билан электр станциялардаги юқори кучланишли очиқ тақсимлаш қурилмаларини қуриш ва модернизация қилиш, янги подстанциялар қуриб фойдаланишга топшириш ишларини олиб бориш белгиланган. Бунинг натижасида, Ўзбекистондаги юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари тизимига замонавий, шу билан бирга рақамли технологияларни жорий этиш, янги иш ўринларини яратиш имконияти вужудга келади.

Шунингдек, “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ юртимиздаги электр станцияларини модернизация ва реконструкция қилиш учун импорт ўрнини босувчи юқори самарадор ва замонавий энергоқурилмаларни маҳаллий шароитларда ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни ҳам амалга оширмоқда.

Бугун эса, “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ мутахассислари куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида электр станцияларида туну кун, суткасига 24 соат навбатчилик асосида фаолият олиб боришмоқда. Асосий мақсад – бу электр объектларининг барқарор ишлашини таъминлаш, кутилмаган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳисобланади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1