2023 йил 19 июлда Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида Yutong автобуси уриб кетган пиёда вафот этгани ҳақида хабар қилинган эди.
“Gazeta.uz” Яккасарой туман судида ҳайдовчига нисбатан ўқилган суд ҳукмини очиқлади.
Унга кўра, фожеа содир бўлган куни соат 16:30 да Бобур кўчасида автобус ҳайдовчиси А.Д. чап тизмага ўтаётганда орқани кўрсатувчи чап ойнага қараб, 2−3 сония тўғри йўлга қарамасдан чалғиб қолган. Шу вақт йўлдан ўтаётганда қатнов қисмида белидан тушиб қолган рациясини олиш учун ўтаётган Г. K.ни уриб юборган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида пиёда олган тан жароҳатлари билан тиббий муассасага олиб борилган. Бироқ тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамасдан у вафот этган.
Судда ҳайдовчи қилмишидан пушаймон эканини ва айбига тўлиқ иқрорлигини, шунингдек, пиёданинг оила аъзоларига 8,3 миллион сўм моддий ёрдам берганини маълум қилди. У суддан енгилроқ жазо тайинлашни сўради.
Жабрланувчининг турмуш ўртоғи ҳайдовчидан 70 миллион сўм моддий ва маънавий зарарларни ундириб бериш ва унга нисбатан қонун доирасида жазо тайинлашни сўраб, кўрсатув берди.
Якунда суд судланувчи А.Д.ни Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида одам вафот этиши) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди.
Унга нисбатан 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташлик белгиланди.






