Ижтимоий тармоқларда Қашқадарёда 7-синф қизнинг унаштирув маросими акс этган видео Болалар Омбусмани томонидан туғилган кун тадбири дея изоҳ берилгани муҳокамаларни кучайтириб юборди.
Айни пайтда тармоқда яна бир нечта шу каби маросим видеолавҳалари пайдо бўлди.
Қашқадарё ҳокими эрта никоҳ масаласида йиғилиш ўтказди, бир нечта масъулга чора кўрилди.
Йиғилишда иштирок этган вилоят ҳокими Муротжон Азимов эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш борасида туманда амалга оширилаётган ишлар бўйича масъуллар ҳисоботини эшитди.
Шунингдек, сўз олган вилоят ҳокими эрта никоҳнинг олдини олиш ва соғлом фарзанд дунёга келтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётган давлатда бу каби иллатларни яна қайд этилиши ёшларни муаммолар гирдобига ташлаб қуяётганини таъкидлади. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш учун эрта оила қурган шахслар, шунингдек, бунга йўл қўйган ота-оналар, таълим ва диний муассаса ходимлари жавобгарликка тортилмоқда.
Оила кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига никоҳ ёши тўғрисидаги қонун талабларини бузганлик, яъни никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳга киришиш, уни эрга бериш ёки уйлантириш, шунингдек, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш учун жавобгарликни белгиловчи нормалар киритилди. Бу борада ҳам вилоят Суди раиси А.Маҳкамов йиғилиш иштирокчиларига батафсил тушунчалар берди.
Якунда аниқланган камчиликлар бўйича хулосалар қилиниб, камчиликларга йўл қўйган бир нечта масъулларга қонунда белгиланган тегишли чоралар қўлланилди.
Мактабгача таълим ва мактаб таълими бошқармаси қонунчиликка мувофиқ, никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланганини эслатди.
Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра тегишли туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан 1 йилга камайтириши мумкин.
- Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади:
- никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмгача;
- ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш 2,1 млн сўмдан 4,5 млн сўмгача;
- никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш 3 млн сўмдан 6 млн сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.






