Тугаб бораётган 2023 йил эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. Содир бўлган ҳодисаларнинг қайсисидандур қайғуга ботсак, бошқасидан хулоса чиқаришга мажбур бўлдик. Албатта, келаётган 2024 йилдан фақат яхшиликларни тилаган ҳолда, тугаётган йилни бир сарҳисоб қилсак…
МАШМАШАСИ ТУГАМАГАН “ДОК-1 МАКС”
2022 йилнинг охирида бошланиб, машмашаси ҳали ҳам тугамаган, 65 нафар норасидаларнинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” иши ҳақида эшитмаган одам бўлмаса керак.
Гап шундаки, 2022 йилнинг декабрь ойида Самарқандда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган, “Quramax Medical” компанияси томонидан Ўзбекистонга олиб келинган “Док-1 Макс” ҳамда “Амбронол” дори воситаларини қабул қилган 18 нафар бола вафот этди. Шундан сўнг, бирин кетин бошқа вилоятларда ҳам болалар ўлими кузатилиб, жами қурбонлар 65 нафарга етгани қайд этилди.Чуқурлаштирилган сифат назорати натижаларига кўра, “Док-1 Макс” ҳамда “Амбронол” дори воситаларининг айрим серияларида пропиленгликоль моддаси ўрнига ёки у билан бирга этиленгликоль ва диэтиленгликоль моддалари мавжудлиги маълум бўлган. Шу сабабли, “Quramax Medical”нинг бошқа препаратлари сотуви ҳамэҳтиёт чораси сифатида тўхтатилган. Ҳозирда мазкур иш юзасидан суд жараёнлари давом этмоқда.
Иш доирасида жами 21 киши, жумладан, Фармацевтика агентлиги собиқ раҳбари, “Quramax Medikal” МЧЖ директори (Ҳиндистон фуқароси) ва бошқаларга айблов эълон қилинган. Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 тасига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган.
ТЎҚҚИЗИНЧИ ҚАВАТДАН ТАШЛАНГАН УЧ БОЛА ВА АЁЛ
2023 йилнинг қайғули ҳодисаларидан яна бири, Сергели-8 мавзесида аёл 3 нафар вояга етмаган боласи билан бирга ўзини 9-қаватдан ташлагани бўлди. Ҳодиса натижада аёл ва унинг беш, тўрт ва бир ёшли фарзандлари воқеа жойида вафот этган.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, 27 ёшли А.Д. фарзандлари, 2018 йилда туғилган С.Й. 2019 йилда туғилган С.А. ва 2022 йилда туғилган С.Р.ни қасддан ўлдириш мақсадида, уларни ётоқхона деразаси олдига олиб борган. Аввал 5 ёшли фарзанди С.Й. ҳамда 4 ёшли С.А.ни 9-қаватдан бирин-кетин деразадан ташлаб юбориб, сўнг кичик фарзанди С.Р.ни олиб, ўзи билан бирга сакраб, ўз жонига қасд қилган. Аёл ва фарзандлари олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.Воқеа юзасидан масъул органлар томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
ЗЎРЛАБ ЎЛДИРИЛГАН 12 ЁШЛИ ҚИЗВОҚЕАСИ
Жорий йилнинг 31 январь куни Тошкент шаҳридазўрлик ва қотиллик аломатлари бўлган 12 ёшли қизнинг мурдаси топилди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в,з” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят иши бўйича гумонланувчи шахс (29 ёшли эркак) Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.
26 май куни судланувчи 1993 йилда туғилган А.Т.га оид жиноят иши бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди. Унга кўра, ушбу жиноят иши ЖИБ Яккасарой туман судида ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига кўра А.Т. ЖКнинг 226-моддаси (маъмурий назорат қоидаларини бузиш) 1-қисми, 137-моддаси (одам ўғрилаш) 3-қисми “б” банди, 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми, 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми, 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “в” банди ва 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в”, “ж”, “з”, “о” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 4-қисми тартибида узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, ЖКнинг 34-моддаси (рецидив жиноят) 3-қисми “б” бандига асосан А.Т. ўта хавфли рецидивист деб топилиб, унга тайинланган жазо махсус тартибли колонияда ўтаттирилиш белгиланди.
ШОВ-ШУВ БЎЛГАН ПЕДОФИЛ МАНСАБДОРЛАР ИШИ
Жорий йилнинг 1 апрел куни Хоразмда Адлия ва ФВБ собиқ мансабдорлари меҳрибонлик уйининг 15-16-17 ёшли қизларини 10 ой давомида зўрлаб келгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шундан сўнг, Олий суд матбуот хизмати айбланувчиларга нисбатан жиноят иши Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилишини маълум қилди.
3 ноябр куни ЖИБ Тошкент шаҳар суди аппеляция ҳайъатида мазкур жиноят иши бўйича суд ҳукми ўқилди. Унга кўра, судланувчилар суд залидан қамоққа олинган. Хусусан, зўравонларнинг бири 3 йилга, яна бири 2 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
МАШҲУР БЛОГЕРНИНГ СИРЛИ ЎЛИМИ
Таниқли блогер Фарҳод Маннопов 2023 йил 5 мартга ўтар кечаси 27 ёшида “Стар Мед” клиникасида вафот этди. Шундан кейин унда бурун операциясини амалга оширган “Стар Мед” клиникаси фаолияти вақтинча тўхтатилди. Июл ойига келиб, шифохонанинг лицензияси суд томонидан бекор қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Стар Мед” клиникасида ўтказилган текширув натижаларига кўра, беморга тиббий хизмат кўрсатган анестезиолог ва реаниматолог, пластик жарроҳ, лаборант шифокор ҳамда ультратовуш текширувлари шифокорида малакавий тоифа бўлмаган.
Бош прокуратура матбуот котибининг маълум қилишича, жиноят иши доирасида 2 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 116- (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ва 117- (Хавф остида қолдириш) моддалари билан айблов эълон қилинган.
Карим ЗАРИПОВ тайёрлади