Сал аввал Марғилонда бир оиланинг 6 нафар номаълум сабабдан вафот этгани хабар қилинган эди. Бош прокуратура матбуот хизмати “darakchi.uz” га ҳодиса бўйича қўшимча маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2024 йил 26 январь куни соат 12:30 ларда Марғилон шаҳар, Ватан МФЙ, Б.Марғилоний кўчасида жойлашган куп каватли уйнинг хонадонида истиқомат қилиб келган, эр-хотин Н.М. ва З.М.лар, уларнинг қизи Д.И., ва 3 нафар набираси яшаш хонадонида ис газидан заҳарланиб, вафот этишган.
Кўздан кечириш давомида марҳумлар истиқомат қилган хонадон уч хонадан иборат бўлиб, хонадоннинг ёпиқ айвон (балкон) қисмига ўрнатилган, чет элда ишлаб чиқарилган “Vaillant” русумли иситиш қозони (котёл)дан ташқарига чиқарилган мўриси қўлбола, полиэтилиндан ишланган бўлиб, мўрини хонадан ташқарига чиқиш қисмидаги бир-бирига киришган жойи қизиш ҳисобига очилиб қолиши натижасида хонага ис гази тўпланиб қолгани маълум бўлди.
Мутахассисларнинг хулосасига кўра, кўздан кечиришда иситиш қозони (котёл)дан ностандарт ҳолатда мўри ташқарига чиқарилганлиги ва натижада полиэтилиндан ишланган мўри қизиши натижасида киришган жойидан чиқиб кетиши оқибатида, ис гази назоратсиз, хонадон ичкарсига тарқалишига сабабчи бўлгани кўрсатилган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, марҳумларнинг ўлими ис газидан ўткир заҳарланиш, ўткир юрак нафас етишмовчилиги оқибатида юзага келганлиги аниқланган.
Терговга кадар текшириш харакатлари олиб борилмокда.