Айни пайтда Президент раислигида уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда жамоат транспорти масалалари муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари жамоат транспорти ҳалигача одамларга сифатли хизмат кўрсатадиган тизимга айланмаганини қайд этди.
Жамоат транспорти қамрови бор-йўғи 25 фоиз экани – бу тизимга берилган баҳо
- деди Президент.
Вилоятларга етказилиши режа қилинган автобусларнинг ҳаммаси ҳам олиб келинмагани, Андижон, Самарқанд, Наманган, Қарши ва Урганч шаҳарларида йўловчи ташишни брутто-шартнома асосида молиялаштириш тизимини жорий қилиш ишлари якунига етказилмагани танқид қилинди.
Транспорт вазири ва вилоят ҳокимлари бу ишларни тўлиқ якунлаб, 1 мартга қадар 5 та вилоят марказида, 1 июнгача қолган 8 та шаҳарда янги тизимни йўлга қўйиши шартлиги қатъий кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда вилоятларга жорий йилда 1 минг 200 та автобус ва электробус олиб келиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, пандемия даврида темир йўл қатновлари 2 карра қисқаргани оқибатида қиш кунлари одамлар чет элга машина ёки автобусда кетишга мажбур бўлаётгани, қишда йўлларда нохуш ҳолатлар рўй бераётганига тўхталди.
Транспорт вазирлиги тизимидаги тегишли корхонада халқаро қатновлар учун 167 та автобус бўлгани билан, корхона хусусий сектор ва қўшни давлатлар ташувчилари билан рақобат қила олмаётгани қайд этилди.
Шу муносабат билан комплекс раҳбариятига чет эллик ҳамкорлари билан музокара ўтказиб, темир йўл қатновларини пандемиягача бўлган рақамларга етказиш топширилди.
Халқаро автобусда ташишлар соҳасига хусусий шерикларни жалб қилиш ва рақобатни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.






