Жиззах вилояти Дўстлик туманида жойлашган оилавий МТТларининг бирида тарбияланувчи бола вафот этди. Мактабгача таълим агентлиги расмий маълумот билан чиқди.
Маълум қилинишича, мазкур оилавий мактабгача таълим ташкилоти ЯТТ М.Ф. номида бўлиб, 2020 йил 3 декабрда ташкил топган. 2020 йил 3 декабрдан 2023 йил апрель ойигача 25 қувват билан фаолият олиб борган. 2023 йил 12 апрелдан ҚК № 108153-О/04 сонли қўшимча келишув билан битим муддати узайтирилган. Ушбу битимга асосан МТТ қуввати 18 ўрин деб белгиланган. Жорий йилнинг 15 феврал холатига BBIT.uz тизимидаги бола сони 18 нафарни ташкил этади. 2024 йил 15 февраль куни МТТда вафот этган Б.П. ташкилотга қатновчи болалар рўйхатига киритилмаган, яъни ноқонуний тартибда қатнаган.
Мактабгача таълим агентлиги ўз фаолияти давомида мунтазам равишда МТТ ташкил этаётган тадбиркорларни ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар содир этмаслиги юзасидан огоҳлантириб келмоқда.
"Ҳурматли тадбиркорлар! Оилавий МТТ ташкил этиб, ноқонуний йўл билан даромад топишни эмас, болалар таълим-тарбиясига ҳисса қўшишни мақсад қилинг. Акс ҳолда, қонун олдида албатта жавоб бериш муқаррар. Унутманг, ҳар бир тарбияланувчининг МТТда ўтказаётган вақти сизнинг елкангизга улкан масъулият юклайди.
️Ноқонуний фаолият олиб борган тадбиркорлар билан Мактабгача таълим агентлиги томонидан шартнома бекор қилинишини маълум қиламиз", дейилади хабарда.
Darakchi.uz'нинг аниқлик киритишича, бола ўртоқлари билан ўйнаётган вақти йиқилиб тушган, натижада воқеа жойида вафот этган.