Хоразмда оилавий болалар уйи раҳбари уч нафар вояга етмаган тарбияланувчини 10 ой давомида вилоят адлия бошқармаси ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиқлари билан жинсий алоқада бўлишга мажбурлагани ҳақида хабар берилганди.
Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлгач, 2023 йилнинг 3 ноябрь куни Хоразмдаги етимхона қизларига нисбатан жинсий зўровонлик содир қилган А. Машарипов ва А. Курязовнинг 3 йилга озодликдан маҳрум қилингани ҳақида Бош прокурор ўринбосари С. Артикова ва Олий суд раиси ўринбосари И. Муслимовлар томонидан маълум қилинган.
Аммо Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг ижтимоий тармоғига жойланган постдан педофиллар жазони ўташ учун қамоққа эмас, манзил колонияга юборилгани аён бўлди.
"Ўшанда ҳуқуқ тизимимизнинг катталари бир "кичкинагина" эпизодни яшириб кетишган экан. Яъни, педофиллар жазони ўташ учун қамоққа эмас, манзил колонияга юборилган экан. Боз устига уларнинг дастлабки суддан бери уйларида ўтказган вақтлари жазо муддатидан чегириб ташланган экан.
Қозиларимиз шу қадар айёр эканки, жамоатчиликни "педофиллар узил-кесил 3 йил қамоқда ўтиради" деган гапга ишонтиришган экан. Аслида эса улар бор-йўғи 2 йилдан кўпроқ манзил колонияда ўтиришади, у ердаги барча шарт-шароитлардан фойдаланишади.
Биз бекорга шунча бақир-чақир қилибмиз. Педофиллар, педофилия жиноятлари ҳақида гапирган вақтизимини илм олишга сарфлаганимизда, "султон суягини хорламас", "қарға қарғанинг кўзини чўқимас" деган нақлларнинг мағзини чаққан бўлардик.
Ҳукм қўлимда, аммо ундаги тафсилотларни эълон қила олмайман, чунки суд ёпиқ бўлган. Агар маълумотларни ошкор қилсам, қонун менга қарши ишлайди, чунки мен Адлияда ишламайман...", дейди ҳуқуқшунос.
Бугун ушбу хабар яна кенг муҳокамалар майдонига чиқди.
Хусусан, Расул Кушербаев, "Ҳатто эр-хотин муносабатида аёлга нисбатан зўравонликни тарғиб қилганлик учун фаоллар 15 суткадан ҳам қамалаяпти, аммо амалдорлар педофиллик қилса, ёш қизларни зўрласа ҳам уларга максимал енгиллик бериш, шарт-шароит яратиш йўлидан борилмоқда. Хоразмдаги собиқ адлия бошлиғи билан боғлиқ ҳолат бунга яққол мисол", дейди.
Кушербаев, жамоатчиликка улар қамалди, дея баёнот берган Бош прокурор ўринбосари ва Олий суд раиси ўринбосарини педофилларнинг манзил колонияга жойлашиб, яхши шароитда жазо ўташаётганини жамоатчиликдан яширганликда айблади. Жазонинг енгиллиги жамиятда педофилликни авж олишига сабаб бўлишини таъкидлайди.






