Ўзбекистонда йил давомида иккитадан ортиқ автомобил сотган жисмоний шахсларни декларациялаш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақида Стратегик ислоҳотлар агентлигининг давлат раҳбарига қилган тақдимотида маълум қилинган, дея хабар бермоқда Gazeta.uz.
2022 йилда 33 мингга яқин фуқаро 3 ва ундан ортиқ автомобил харид қилган. Декларация тизими чайқовчиликнинг олдини олишга ва бюджетга қўшимча 30 миллиард сўм туширишга қаратилган.
Шунга ўхшаш тартиб уй-жой олди-сотдисида амал қилиб келади. Унга кўра, фуқаро харид қилган уйини 3 йил ичида сотса, харид қилган ва сотган нархи ўртасидаги мусбат фарқдан 12 фоизлик даромад солиғи ҳисобланади.
Аввалроқ UzAuto Motors олибсотарларга қарши курашиш мақсадида бир киши йилига бир хил русумдаги иккитадан ортиқ автомобил сотиб олган бўлса, харидорга автомобил етказиб бериш муддатини 120 кунгача оширган эди. Бундай ҳолда, ҳар бир кейинги машина навбатнинг охирига кўчирилади.
Ўтган йил охирида ҳукумат қарори билан янги автомобилларни сотиш қоидаларига ўзгартиришлар ҳам киритилганди. Шу асосда, UzAuto Motors мижоз билан 12 ой ичида иккитадан ортиқ олди-сотди шартномаси тузилган бўлса, у билан автомобил етказиб бериш бўйича янги шартнома тузишдан бош тортиш ҳуқуқига эга бўлди.