Аввал хабар қилганимиздек, якшанба куни Туркияда маҳаллий ҳокимиятларга сайловлар бўлиб ўтди. Баённомаларнинг 93 фоиз санаб чиқилганда, Республика халқ партияси 37,4 фоиз, ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси 35,7 фоиз овоз тўплади, деб ёзди “Анадолу”.
Мухолифатдаги Республика Халқ партияси 20 йил ичида илк бор ҳукмрон партияни мағлуб этди.
Сайлов натижаларидан кейин уч йирик шаҳар – Анқара, Истанбул ва Измирнинг мухолиф мерлари ўз ўринларини сақлаб қоладилар.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўзининг “Адолат ва тараққиёт” партияси муниципал сайловларда кутилган натижаларга эриша олмаганини айтди.
“Афсуски, муниципал сайловларда биз хоҳлаган ва умид қилган натижага эриша олмадик”, деди Эрдўғон Анқарада ўз тарафдорларига.
Эрдўғон фикрича, халқ ўз позициясини сайлов қутиси орқали сиёсатчиларга етказади ва овоз бериш натижалари қандай бўлишидан қатъи назар, турк демократияси ғолибдир. Президент сайлов жиддий ҳодисаларсиз якунланганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, улар "охири эмас, балки бурилиш нуқтасининг бошланиши" бўлди.
Давлат раҳбари яқин 4-5 йил ичида унинг партияси асосий эътиборни мамлакатдаги долзарб муаммоларга қаратишга ваъда берди.