Ижтимоий тармоқларда Солихон домла номи билан танилган Солихон Ортиқхўжаев 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари Darakchi.uz га хабар берди.
2024 йил 30 март Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Сергели туман судида Солихон домла тахаллуси билан танилган Солихон Ортиқхўжаев устидан суд бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, 2024 йил 30 март куни Сергели тумани ИИО ФМБ ходимлари ва ДХХ ходимлари жиноятда гумон қилиниб, қидирувда бўлган фуқаро бўйича қидирув ишлари олиб бориш давомида, тинтув ўтказиш тўғрисидаги қарорга асосан Солихон Ортиқҳўжаевнинг уйига борганда ходимларга нисбатан носамимий муносабатда бўлган.
Солихон домла баланд овозда: “террорчи эмасман, сиёсатга қарши эмасман, жиноятчи эмасман” деб бақирган. Ўша ердан ўтиб кетаётган фуқароларнинг тинчилигини бузган. Шунингдек, ИИО ходимлари томонидан ўзига тегишли бўлган телефон аппаратини тақдим қилиш сўралганида, уларга телефон аппаратини тақдим этмасдан, ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармаган.
Суд мажлисида Солихон Ортиқхўжаев ҳуқуқбузарлик ҳаракатига қисман иқрорлик билдириб, лекин бақир-чақир қилмаганини айтиб суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўраган.
Фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган, деб топилди ва унга:
183-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, яъни 340 000 жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси тартибида Ортиқхўжаев Солихон Махкамовичга узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Бундан ташқари, сақлаш билан боғлиқ харажатлар учун маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида, яъни 765 000 сўм ундирилиши белгиланди.