1

Куала-Лумпур шаҳрида Ўзбекистон ва Осиё футбол конфедерацияси ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди

СПОРТ 06.04.2024, 15:00
Куала-Лумпур шаҳрида Ўзбекистон ва Осиё футбол конфедерацияси ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) бош котиби Виндсор Жон билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда "Dunyo" AA хабар қилди. 

Ушрашув давомида Ўзбекистон ва ОФК ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

 Хусусан, конфедерация томонидан ташкил этиладиган турли тадбирларга Ўзбекистон вакилларини таклиф этиш, футбол академиялари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, ёш футболчилар иштирокида ўртоқлик ўйинларини ўтказиш, Ўзбекистонда аёллар футболини ривожлантириш учун мураббий ва мутахассисларни тажриба алмашиш учун мамлакатимизга жалб қилиш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Хориж томонига сўнгги йилларда мамлакатимизда футбол соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан Ўзбекистонда ҳаваскор ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантириш, замонавий инфратузилма объектларини барпо этиш, ўқитиш базасини такомиллаштириш ва соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Виндсор Жон ўз навбатида, Ўзбекистон ва конфедерация ўртасида сермаҳсул ҳамкорлик олиб борилаётганини ва мамлакатимизда футбол жадал суръатларда ривожланаётганини мамнуният билан таъкидлади. ОФК бош котиби ушбу муваффақиятлар замирида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан футболга қаратилаётган юксак эътибор турганини алоҳида қайд этди.

Тадбир якунида ОФК бош котиби билан муҳокама этилган масалалар бўйича келгусидаги режалар келишиб олинди.

Осиё футбол конфедерацияси бош қароргоҳи Куала-Лумпур шаҳрида жойлашган. Унга қитъадаги 47 та миллий футбол ассоциациялари, шу жумладан Ўзбекистон футбол ассоциацияси аъзо ҳисобланади.

#спорт    #футбол    #учрашув

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1