1

Қашқадарё, Андижон, Тошкент ва Фарғонада бир неча шахслар пора билан ушланди

ЖИНОЯТ 14.04.2024, 11:45
Қашқадарё, Андижон, Тошкент ва Фарғонада бир неча шахслар пора билан ушланди

Қашқадарё, Андижон, Тошкент ва Фарғонада бир неча шахслар пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда ДХХ darakchi.uz’га маълум қилди.

Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани ҳокимининг ўринбосари плёнка маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган хусусий корхонани“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида маҳаллий деҳқонларга плёнка етказиб берувчи таъминотчи корхона сифатида тайинлаш эвазига 5 минг АҚШ доллари сўраган.

Аммо, у сўралган пул маблағи ҳисобидан 15 млн. сўм олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширув давомида, ҳоким ўринбосари ўзининг қўштирноқ ичидаги холис ёрдами эвазига аввал 10 млн. сўм олганлиги ҳам маълум бўлган.

Таъкидлаш лозимки, у муқаддам Жиноят Кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан судланган бўлсада, ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган. 

Андижон шаҳрида кузатилган ҳолатда, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбаримаҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, ўзининг мансабдор танишлари орқали, унинг номига масъулияти чекланган жамият ташкил этиб, “Эски шаҳар – Олтинкўл” йўналишида йўловчи ташиш бўйича аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш учун ўтказилиши режалаштирилган тендерда ғолибликни қўлга киритиб бериш эвазига 7500 АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағини олган вақтида ушланган.

Терговга қадар текширув давомида, Андижон вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи мансабдор шахснинг ушбу ноқонуний ишга алоқадорлиги аниқланиб, у ҳам процессуал тартибда ушланган.

Афсуски, мазкур шахс ҳам муқаддам судланган бўлсада, хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.

Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси катта инспектори Бюронинг марказий аппарати иш юритувидаги паррандачилик корхонаси ҳисобидан акциядорлик тижорат банки фойдасига жами 11 млн. 108 минг 629 АҚШ доллари ва 265 минг 187 евро миқдоридаги қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро иши юзасидан, корхонага тегишли кўчмас мулкларни баҳолаш ишлари учун белгиланган хизмат ҳақини турли важлар билан баҳолаш фирмаси фойдасига оширилган нархда кўрсатиб, банк томонидан баҳолаш фирмаси ҳисобига ўтказилган ортиқча пул маблағидан ўзининг улуши сифатида 2500 АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланган.

Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда, Ёзёвон тумани ҳокимлиги қошидаги “Хўжалик ҳисобидаги уй-жойларни рўйхатга олиш, алмаштириш ва тақсимлаш” бўлими бошлиғи ўзининг ваколатли танишлари орқали, маҳаллий фуқаронинг яшаш хонадони учун ордер ва кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 2500 АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ИЖҚКД ходимлари томонидан ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1