Тошкентдаги мактабларнинг бирида мактаб қоровули ва фуқаро муштлашгани акс этгани видео тарқалди.
Миллий гвардия берган маълумотга кўра, мазкур ҳолат Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 50-сонли умумтаълим мактаби ҳудудида содир бўлган.
Унда мактаб ошхонасида ишловчи фуқаро Н.А. шахсий автотранспорт воситаси билан рухсатсиз, ўзбошимчалик билан мактаб ҳудудига кирган. Ушбу ҳолатни кўрган мактаб қоровули фуқарони мактаб ҳудудига автомашина билан кириш мумкин эмаслиги тўғрисида огоҳлантириб, машинани олиб чиқишини талаб қилган.
Фуқаро Н.А. эса қоровулнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уни ҳақорат қилган ва унга фаол қаршилик кўрсатган. Шундан сўнг, мактаб қоровули фуқаро Н.А.га нисбатан куч ишлатишга мажбур бўлган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Ички ишлар органлари томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.