1

Тошкентга учиб келганлар энди аэропортни ўзида машинани ижарага олиши мумкин бўлади

ЖАМИЯТ 22.05.2024, 10:03
Тошкентга учиб келганлар энди аэропортни ўзида машинани ижарага олиши мумкин бўлади

Тошкентга етиб келган йўловчилар энди тўғридан-тўғри аэропортда автомашинани ижарага олиш имкониятига эга бўлди — "Europcar" бренди остидаги автомобилларни ижарага бериш компанияси 20 майдан иш бошлади. Майдони 8 кв.м бўлган жой E-auksion.uz электрон платформасида савдога қўйилган эди. Хизмат Тошкент халқаро аеропортининг учиб келиш залидан чиқишда жойлашган.

Автомобилни ижарага олиш учун пойтахт аеропортига келган йўловчи "Europcar" пештахтасига бориб, шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва ҳайдовчилик гувоҳномасини тақдим этиши керак. Шундан сўнг, Europcar.com, Expedia.com, EconomyBookings.com онлайн платформаларидан бири орқали автомобилни танлаши, шартнома тузиши ва депозит ёки ижара ҳақини тўлиқ тўлаши лозим. Рўйхатдан ўтиш тугаллангандан сўнг, йўловчига автомобил калити берилади ва машина олдига кузатиб қўйилади.

Компания паркида йўловчи маҳаллий ёки хорижий ишлаб чиқарувчи автомобилини, шунингдек, электромобил ёки бензинда ишлайдиган автомобилни танлаши мумкин. Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқарилган йили тўрт йилдан, юрган масофаси 80 минг км дан ошмайдиган автомобиллар ижарага берилади. Автомобил ушбу кўрсаткичлардан бирига етгандан сўнг, машина тизимдан чиқарилади.

"Europcar" — 1949-йилда асос солинган, штаб-квартираси Парижда жойлашган автомобил ижараси компанияси. Франсиянинг "Eurazeo" инвестицион компаниясига тегишли бўлиб, унинг паркида 150 та мамлакатда 250 мингдан ортиқ автомобил ва 3 мингга яқин ижара пунктлари мавжуд.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1