Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда “Кинг Лонг” русумли автобуснинг йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, хавфли ҳолатни келтириб чиқарганлиги акс этган видео тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Мазкур ҳолат юзасидан "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ, Транспорт назорати инспекцияси раҳбарияти томонидан танқидий муҳокама ўтказилган.
Ўрганиш давомида ушбу хатти-ҳаракатни 58-сонли автобус ҳайдовчиси Ф.С. содир этганлиги маълум бўлган. Ушбу ҳайдовчи ўз хизмат вазифасини суистеъмол қилиб, қўпол қоидабузарлик содир этганлиги, шаҳар кўчаларида қарама-қарши ҳаракатланиб хавфли монёврларни амалга оширганли ва авария ҳолатини келтириб чиқарганлиги аниқланган. Натижада мазкур ҳайдовчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Маълумот ўрнида, қўпол қоидабузарлик содир этгани учун меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳайдовчиларнинг электрон базаси, яъни, "Қора рўйхат"и жорий этилган бўлиб, унга кўра ушбу ҳайдовчилар автобус саройи филиалларига қайта ишга олинмасликлари қатъий белгиланган. Шу кунга қадар, ушбу рўйхатга киритилган ҳайдовчилар сони 197 нафарни ташкил этмоқда.
"Бундан ташқари, қоидабузарлик чоғида нафақат ўзининг балки бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳам ҳаётини хавф остига қўйганлиги сабабли, ҳайдовчи Ф.С.ni ҳайдовчилик гувоҳномасидан махрум қилиш юзасидан Жиноят ишлари судига махсус тақдимнома киритилди",- дейилади хабарда.