Хотин-қизлар учун қўшимча 2000 та давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларининг ҳудудлар кесимидаги тақсимоти эълон қилинди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилди.
Эҳтиёжманд хотин-қизлар учун ажратилган грантнинг ҳудудлар кесимида тақсимоти қуйидагича:
Қорақалпоғистон Республикаси – 11;
Андижон – 183;
Бухоро – 112;
Жиззах – 81;
Қашқадарё – 193;
Навоий – 60;
Наманган – 165;
Самарқанд – 227;
Сурхондарё – 155;
Сирдарё – 50;
Тошкент вилояти – 177;
Фарғона – 221;
Хоразм – 110;
Тошкент шаҳри – 155.
Грант аниқ ва табиий фанлар, техника фанлари ва тиббиёт фанлари йўналишларига алоҳида ҳисобланади. Бу соҳадан ортиб қолгани қолган соҳалар учун ажратилади. Буни жадвалда аниқ кўриш мумкин.
Маълумот учун, хотин-қизлар учун ўқишга киришдаги асосий имкониятлардан бири — эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга ажратилувчи умумий квотанинг 4 фоизи миқдоридаги (2 мингта ўрин) грант ҳисобланади. Унга талабгорлар ҳам тавсияномани Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасидан олади. Тавсияномани кам таъминланган, тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, ногиронлиги бўлган ота-онанинг фарзандлари каби бир қатор тоифаларга мансуб хотин-қизлар олиши мумкин ва улар алоҳида танлов доирасида кириш имтиҳонларида қатнашади, энг юқори балл олган 2 минг хотин-қиз тавсиянома асосида грантга ўқишга қабул қилинади.
Тавсиянома фақат биринчи йўналишга ва фақат таълимнинг кундузги шакли учун ўтади. Тавсияномаси бор хотин-қизлар ҳам 5 та йўналишга ҳужжат топшира олади. Уларнинг баллари аввало умумий абитуриентлардан ташқари, тавсияномалилар учун алоҳида ҳисобланади ва энг юқори балл тўплаганлар имтиёз билан талабаликка қабул қилинади, етарли балл тўплай олмаганлар эса бошқа абитуриентлар каби умумий танловда қатнашади ва баллига қараб талаба бўла олиши ёки бўла олмаслиги мумкин.