Фарғонда 4 нафар пиёданинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати хабар берди.
2024 йил 20 февраль куни фуқаро Ш.В. Cobalt автомашинасини Қўқон – Мулкобод – Гулбоғ Пунган автомобиль йўлининг Данғара туманидан ўтган қисмида бошқариб кетаётиб, бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг четида ҳаракатланиб кетаётган 5 нафар пиёдани уриб юбориб, ҳодиса жойидан қочиб кетган.
Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида 26 ёшли ҳайдовчининг шахси аниқланган ва маст ҳолда автомобиль бошқаргани маълум бўлган. Ўтказилган судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра, ҳайдовчи спиртли ичимлик ичгани ва кучли таъсир қилувчи "тропикамид" дори воситасини қабул қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи қамоққа олинган.
Жиноят иши Қўқон шаҳар жиноят ишлари бўйича суди томонидан кўриб чиқилган. Ҳайдовчи Ш.В. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.
Суд ҳукми билан у Жиноят кодексининг 117-моддаси 3-қисми "а" банди (хавф остида қолдириш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) ва 266-моддаси 3-қисми "а" бандида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Унга 3 йил барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланган.