Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Остонада Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёевани қабул қилди. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 5 август куни бўлиб ўтган учрашувда икки давлат ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг иттифоқчи ва стратегик характерини қайд этиб, олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқотни самарали кенгайтириш учун президент маъмуриятлари ўртасида яқин алоқаларни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади.
Ахборот, мафкуравий, маданий-гуманитар ва маърифий соҳаларда, шунингдек, ёшлар сиёсати соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Президент, шунингдек, Остонада “Заковат” халқаро интеллектуал ўйинлари ўтказилишини қўллаб-қувватлади ва бу каби тадбирлар халқларнинг маданий яқинлашувида муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.