Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев ўз шогирдларининг Парижда бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларидаги муваффақиятли иштироки ҳақида фикр билдирди.
“Ғалабалар сири нимада? Менимча, бу ҳамжиҳатликда. Биз кеча-ю кундуз, ҳар куни ишладик. Ҳар бир спортчига алоҳида мураббий таклиф қилдик. Хато қилишга ҳақимиз йўқ эди. Агар муваффақият илдизига қарасак, эътибор юқоридан, президентдан бўлди. Биз сўраган ҳамма нарсани тайёрлаб беришди.
Мен эса ҳар бир мураббий ўз ишини бажариши учун режа туздим. Мисол учун, мен кубалик мураббийга майдондаги кечки машғулот унинг иши экани, кардио мураббийига кундузги машғулотга у жавоб беришини айтдим. Ҳар бир мураббий чин юракдан ишлади. Улар ўз ишини юқори савияда бажарди. Мен мураббийларнинг ҳар бирини назорат қилдим.
Йигитларга ҳам ишончим комил эди: бизда ўзбекча менталитет, урф-одатлар – ҳаммаси сақланиб қолган. Биз ватанимиз учун, қариндошларимиз учун, оиламиз учун ҳар нарсага тайёрмиз. Йигитлар борини беришди. Машғулотлардан ўзим роҳатландим”, деди Қиличев “Виктор Ялймовнинг бокс студияси” Ёутубе каналига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилги Олимпиадада ўзбекистонлик боксчилар бешта олтин медални қўлга киритди. Ҳасанбой Дўстматов (51 килограммгача), Абдумалик Ҳалоков (57), Асадхўжа Мўйдинхўжаев (71), Лазизбек Муллажонов (92) ва Баҳодир Жалолов (92+) мусобақада шоҳсупанинг энг юқори ўрнидан жой эгаллади.