АсосийСиёсат

Ўзбекистонда Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланади

Бу бўйича Президент қарори қабул қилинди.

'Ўзбекистонда Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланади'ning rasmi

"Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қарорга кўра, 2024 йил октябрь ойида Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллиги кенг нишонланади. Тадбирни юқори савияда нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланади.

Жумладан, Имом Термизийнинг "Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя"ва "Сунани Термизий" асарларини мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган кўп жилдлик академик таржимаси ва шарҳини тайёрлаш ҳамда уларни нашр этиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, 2024 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида "Ислом — тинчлик ва эзгулик дини" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади. Унинг доирасида Термизда "Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни" мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади.

2024 йил сентябрь-октябрь ойларида Термиз давлат университети ва Ўзбекистон халқаро ислом академиясида "Термизий алломаларнинг илмий-маънавий мероси: ўтмиш ва бугун" мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ҳамда Имом Термизий ҳаёти ва илмий фаолиятига оид илмий мақолалар танлови ўтказилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасига имом-хатиблар ва диний таълим муассасалари талабалари ўртасида "Имом Термизий асарлари бўйича ҳадислар билимдони" танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш тавсия этилди.

    Бошқа янгиликлар