Президент Шавкат Мирзиёев раислигида электротехника соҳасида ишлаб чиқариш, экспорт ва инвестицияларни кўпайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди. Унда соҳада фаолият юритаётган 100 дан ортиқ тажрибали тадбиркорлар ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлатимиз раҳбари яратилган имкониятлар ҳисобига сўнгги етти йилда соҳага 1 миллиард доллар инвестиция киритилганини таъкидлади. Натижада 762 та янги корхона ишга тушган, 45 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 баробар ўсди, йиллик даромади 100 миллиард сўмдан ошган корхоналар 6 тадан 25 тага кўпайди. Тармоқдаги корхоналар ҳисобидан бюджетга тушум 8 баробар ошди.
Маҳсулотларимиз экспорт бўлаётган давлатлар сўнгги уч йилда 2 карра ошиб, 62 тага етди.
Президентимиз электротехника экспорти 1 миллиард долларга етгани, тўқимачиликдан кейинги иккинчи маҳаллий саноат тармоғига айланганини таъкидлади.
Лекин, шу билан бирга смарт карта, генератор, телекоммуникация воситаси, офис техникаси каби яна бир қатор электротехника маҳсулотларини ўзимизда чиқариш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.
Минтақамиздаги 5 миллиард долларлик бозор имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Президент ҳамма давлатлар ички бозорининг ҳимоясига қаттиқ киришган шароитда ягона йўлимиз – сифатни таъминлаш ва таннархни тушириш орқали маҳсулотимиз рақобатдошлигини ошириш эканини таъкидлади.
Бунга тармоқдаги қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш орқали эришиш мумкин.