Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Раиси А.Мавлонов бошчилигидаги делегация Америка қўшма штатларида бўлиб, божхона соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган муҳим учрашувлар ва музокаралар олиб боришмоқда. Бу ҳақида қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ташрифнинг асосий воқелиги – Вашингтонда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Раиси А.Мавлонов ҳамда АҚШнинг Божхона чегара хизмати комиссари Трой Миллер ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Таъкидлашларича, Ўзбекистон-АҚШ ўртасида дипломатик алоқалар йўлга қўйилганидан сўнг ўтган 32 йил давомида иккала давлат божхона хизматлари раҳбарлари ўртасида бу форматдаги юзма-юз расмий учрашув илк бор ўтказилмоқда. Шу боисдан ҳозирга қадар ўзаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси ҳам мавжуд бўлмаган.
Шунинг учун ҳам музокараларда асосий эътибор божхонада хавфларни мониторинг қилиш, божхона тартиботларини рақамлаштириш ҳамда инсон ресурсларидан самарали фойдаланиш каби долзарб масалаларга қаратилган.
Учрашувнининг тарихий аҳамияти шундаки, Ўзбекистон-АҚШ божхона хизмати раҳбарлари божхона соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим ҳуқуқий асоси - “Ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида”ги Битимни имзолашган.
Ўзаро муносабатларда янги саҳифа очувчи мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида божхона соҳасида ахборот алмашиш имконини беради ва гиёҳванд моддалар савдоси, одам савдоси, трансмиллий жиноий гуруҳлар, жиноий даромадларни легаллаштириш, божхона тўловларидан бўйин товлашга қарши курашишда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Эътиборли томони шундаки, АҚШ божхона соҳасида ҳамкорликни назарда тутувчи бу каби икки томонлама битимларни дунё бўйлаб 200 га яқин давлатлар ичида атиги 17 та давлат билан имзолаган бўлса, Ўзбекистон бу рўйхатда 18-давлат сифатида қайд этилмоқда.