Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Самарқанд вилоятининг барча туман ва шаҳарларида очиқ маълумотларни эълон қилиб борилиши таҳлил қилинди. Бу ҳақида агентлик Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жомбой ва Пастдарғом тумани ҳамда Самарқанд шаҳар ҳокимликларининг бу борадаги фаолияти жойига чиққан ҳолда ўрганилган.
Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган рўйхатга асосан туман ҳокимликларига 12 турдаги маълумотларни даврий равишда очиқ эълон қилиб бориш мажбурияти юклатилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, юқорида қайд этилган 3 та ҳокимлик томонидан эълон қилиниши лозим бўлган 36 та мажбуриятнинг бирортаси бажарилмаганлиги, белгиланган маълумотлар очиқланмагани аниқланди.
Юқоридагиларга кўра, ўрганиш ўтказилган ҳокимликлар бўйича камчиликларни бартараф қилиш ва қонунбузилишларини содир этган масъул ходимларни жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан 2 та тақдимнома киритилди ва 1 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Ўрганиш даврида Жомбой тумани ҳамда Самарқанд шаҳар ҳокимликлари фаолиятида аниқланган камчиликлар бартараф этилиши таъминланди.
Шунингдек, Каттақўрғон шаҳри, Оқдарё, Самарқанд, Тайлоқ, Қўшработ туман ҳокимликларининг расмий веб-сайтлари ишчи ҳолатда эмаслиги, Ургут туман ҳокимлиги томонидан фақатгина 3 турдаги маълумотлар очиқланганлиги, Булунғур, Иштихон, Нуробод, Паяриқ, Пахтачи туман ҳокимликлари томонидан очиқ маълумотлар умуман жойлаштирилмаганлиги маълум бўлди.
Нарпай туман ҳокимлиги сайтида умуман очиқ маълумотлар саҳифаси ташкил этилмаган.
Очиқликни таъминлаш соҳасида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида вилоят ҳокимлигига тақдимнома киритилган.