Қизларни Уммон давлатига фоҳишаликка жўнатиб келган 2 аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда "Замон" дастури хабар қилди.
Маълум қилинишича, асли Фарғонадан бўлган 32 ёшли аёл ёш қизларни Уммон давлатида фоҳишаликка мажбурлаб келган.
Ўзининг жиноий қилмишига Жиззахлик аёлни шерик қилган. Улар чет элга чиқиш орзусида юрган қизларни виза ва бошқа харажатларини тўлаб, уларни 2021 йилдан бошлаб хорижга юборган.
У қизларнинг орасида ўзининг овсини ҳам бўлган. Унинг таъкидлашича, аёлнинг ёнига уй олиш, шароитини тўғрилаш учун ишлаш мақсадида борган.
"Мен борганимда умуман тил билмасдим, тушунмасдим. У гаплашиб, қизларни меҳмонхонага ташлаб чиқарди. Мен официантликка борган эдим, кейин мени фоҳишаликка мажбурлади",- дейди аёл.
Гувоҳлардан бири судланувчи у ерга жуда кўп қизларни чақириб бергани, 18 та қиз бор, деб эшитганлигини таъкидлади.
Ҳолат юзасидан суд иши Самарқанд шаҳар судида кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига кўра, судланувчилар ЖКнинг 135-моддаси 2-қисмининг тегишли бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, уларга нисбатан 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.