Тошкентда биринчи иш кунида ўқувчини калтаклаган ўқитувчи бошқа бир қанча ҳуқуқбузарликлари учун қамалди. Бу ҳақида Болалар омбудсмани хабар берди.
Маълум қилишича, жорий йилнинг 24 сентябр куни 44 ёшли ўқитувчи қизи таҳсил оладиган 204-умумий ўрта таълим мактабига бориб, мактаб раҳбарияти билан тортишиб, мактаб директорининг ўринбосари Ғ.М. (аёл) га нисбатан жисмоний куч ишлатган.
Аёлдан жамоат жойида тартибига риоя қилиши сўралганида, мактаб ҳудудида Миллий гвардия ва ИИО ходимларига нисбатан ғайриижтимоий муносабатда бўлиб, уларнинг қонуний талабларини бажармасдан кескин қаршилик кўрсатган. Ушбу ноқонуний ҳаракатларини Р.О. кўплаб мактаб ўқувчилари кўз ўнгида содир этган.
25 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида мазкур иш кўриб чиқилган.
Унга суд томонидан МЖтКнинг 183-моддаси (Майда безорилик), 194-моддасининг 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 197 (5) моддаси (Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) билан айбдор деб топилиб, БҲМ нинг 3 баравари (1 020 000 сўм) ва БҲМнинг 7 баравари (2 380 000) сўм жарима тайинланди ва узил-кесил маъмурий жазо сифатида 7 сутка маъмурий қамоқ жазо чораси қўлланилди.
Шу билан бирга, Р.О. нинг Чилонзор туманидаги 188-сонли умумтаълим мактабда 6-синф ўқувчисига нисбатан содир этган ҳаракати юзасидан ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганлигини эслатамиз.