Кун тартибида бир қатор муҳим масалалар, жумладан, парвозлар частотасини ошириш, шунингдек, икки давлат шаҳарлари ўртасида мунтазам ҳаво қатновларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган икки давлат авиакомпаниялари сонини кўпайтириш масалалари кўриб чиқилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.
Шундай қилиб, амалдаги қоидаларга кўра, икки давлат ўртасидаги парвозлар частотаси ҳар икки томон авиакомпаниялари учун ҳафтасига 10 та рейс даражасида эди.
Сўнгги маслаҳатлашувлар чоғида икки давлат пойтахтлари ўртасида ушбу частотани 12 тага етказиш, шунингдек, "пойтахт-ҳудуд" ва "ҳудуд-ҳудуд" форматидаги парвозлар географиясини кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, ҳар бир томонда белгиланган авиакомпаниялар сони бўйича чеклов олиб ташланди. Бу уларга борадиган мамлакатнинг миллий қонунчилигига мувофиқ тегишли парвоз ҳуқуқларини тақдим этади.
Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Корея Республикаси авиация идоралари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Ҳаво транспорти бўйича навбатдаги маслаҳатлашувларни Ўзбекистонда ўзаро келишилган санада ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.
Шунингдек, Жанубий Кореянинг Жежу ва Ўзбекистоннинг Самарқанд халқаро аэропортларида эълон қилинган махсус "Очиқ осмон" режимидан икки томон авиакомпанияларининг фойдаланиши бўйича келишувга эришилди.
Музокаралар якунига англашув меморандуми имзоланди.