АсосийСиёсат

Тошкентда Халқаро киберхавфсизлик саммити бўлиб ўтади

30 дан ортиқ мамлакатдан 60 га яқин компания, 120 дан ортиқ делегатлар ва хакер Жейсон Стреет иштироки кутилмоқда.

'Тошкентда Халқаро киберхавфсизлик саммити бўлиб ўтади'ning rasmi

Жорий йилнинг 9-10 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида  “Киберхавфсизлик саммити – Марказий Евроосиё, CСС 2024” II Халқаро киберхавфсизлик саммити бўлиб ўтади. 

Тадбирда 30 дан ортиқ мамлакатдан 60 га яқин компания, 120 дан ортиқ делегатлар иштирок этиши кутилмоқда. 

Бундан ташқари кибермаконда малакали мутахассис, хакер Жейсон Стреет ҳам ўз тақдимоти билан иштирок этади. 

“CСС-2024” киберхавфсизлик саммитининг асосий мақсади минтақавий киберҳамжамият учун ўзаро тажриба алмашиш, замонавий ечимларни намойиш этиш, энг муҳими, ўзаро манфаатли асосда янги имкониятларни очиш учун юқори даражадаги халқаро интерактив платформа яратишдан иборат.

“CСС-2024” икки кунлик тадбир бўлиб, дастлабки кун тартибидан Марказий Евроосиё давлатларидан келган малакали экспертлари соҳанинг ҳозирги ҳолати ҳамда ундаги муаммоларнинг самарали ечими ҳақида фикр юритади.

Саммит дастури доирасида ялпи муҳокамалар, тақдимот сессиялари, кўргазма майдони ва бир қатор қизиқарли тармоқ тадбирларига тўла бўлиб, барча иштирокчиларга технологиялар ва ечимларни самарали ва фойдали тарзда намойиш этиш ҳамда янги бизнес алоқаларини яратиш имконини беради.

Саммитнинг юқори даражали қарор қабул қилувчилар, киберхавфсизлик бўйича экспертлари аудиторияси динамик глобал хавфхатар манзарасини ва минтақа мамлакатларига рақамлаштириш орқали тақдим этилаётган ижтимоий-иқтисодий имтиёзлардан тўлиқ фойдаланишда қандай ёрдам бериши мумкинлигини ўрганади.

Саммитнинг умумий мавзуси рақамли дунёда киберхавфсизликнинг аҳамияти: ечимлар, таҳдидлар ва ҳамкорлик, муҳим инфратузилма ва бизнес активларини ҳимоя қилишга қаратилган. Бу йилги саммитда 60 га яқин маърузачилар ўз компаниялари ва таклифларини тақдим этадилар.

Таъкидлаш жоизки, “Киберхавфсизлик маркази” ДУКнинг сўнгги йилларда мамлакатимиз киберхавфсизлиги соҳасида амалга оширган саъй-ҳаракатлари натижасида, Халқаро Электралоқа Иттифоқи томонидан даврий ўтказиладиган “Global Cybersecurity Index 2024” киберхавфсизлик индексида Ўзбекистон +18.09 баллга юқорилаб, 89,2 балл кўрсатгичга эришди ва Россия, Қозоғистон, Азарбайжон давлатлари даражасига етиб олди. 2020 йилда эълон қилинган ҳисоботда Ўзбекистон 71,11 балл кўрсаткични қайд этган эди.

Шу билан бирга, ёшларга оид давлат сиёсати доирасида киберхавфсизлик, ахборот технологиялари, дастурлаш ва робототехника йўналишларида ёшларни шакллантириш ва уларнинг интеллектуал ва ижодий йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Киберхавфсизлик маркази” ДУК ташаббуси билан 14 – 30 ёшдаги шахсларни жалб қилган ҳолда “Cyberkent 2.0” мусобақалари ташкил этилди.

    Бошқа янгиликлар