АсосийСиёсат

ОТБ Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида электр узатиш линияси қурилиши учун 15 млн доллар грант ажратади

Янги электр узатиш линияси минтақа мамлакатлари ўртасида электр энергияси экспорти ва импортини оширади.

'ОТБ Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида электр узатиш линияси қурилиши учун 15 млн доллар грант ажратади'ning rasmi

Осиё тараққиёт банки Тожикистонга мамлакат электр тармоқларини Ўзбекистон билан ўзаро алоқа тармоғи орқали Марказий Осиё ягона энергетика тизимига қайта улаш лойиҳасини кенгайтириш учун қўшимча 15 миллион долларлик грант ажратишни маъқуллади.

Қўшимча маблағлар Тожикистон шимолидаги "Суғд" подстанцияси ва Ўзбекистондаги "Янги Сирдарё" подстанцияси ўртасида 22 километрлик 500 кВ янги электр узатиш линиясини қуриш имконини беради.

Бу Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олган Марказий Осиё ягона энергетика тизимидаги давлатлар ўртасида электр энергияси экспорти ва импорти салоҳиятини оширишга ҳамда тармоқ узилишларининг олдини олиш учун инфратузилмани мустаҳкамлашга ёрдам беради, дейилади хабарда.

ОТБнинг таъкидлашича, лойиҳа Тожикистон энергетика тизими минтақада қайта тикланадиган энергияни узлуксиз интеграциялашуви учун энергия ва частоталарни назорат қилиш хизматларини тақдим этишга тайёрлигини ҳам таъминлайди. Узоқ муддатли истиқболда у Тожикистондаги Роғун ГЭСдан электр энергиясини узатиш схемасининг асосий таркибий қисмига айланиши кутилмоқда.

    Бошқа янгиликлар