Қашқадарёда мактаб ўқувчиси ўқитувчи калтаклагани акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати муносабат билдирди.
Аниқланишича, ҳолат жорий йилнинг 9 октябрь куни Шаҳрисабз туман 33-умумий ўрта таълим мактабида соат 10:30 атрофида содир бўлган. Маълум бўлишича, мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси У.С. (аёл киши) 5-"б" синф ўқувчиси М.П.га мактабдаги "бошқа ўқувчиларга ҳурматсизлик қилма" деб таъкидлаганидан сўнг, ўқувчи М.П. ўқитувчини ҳақоратлашга уринган.
Шундан сўнг, мактаб ўқитувчиси У.С. ўқувчи М.П.ни маънавият хонасига олиб боришга уринганда қўли бехосдан ўқувчи бурнига тегиб кетганлиги оқибатида бурун соҳасидан қон келиши ҳолати юзага келган.
Ўқувчи М.П. онасини мазкур таълим ташкилотига олиб келган ва ўқитувчи ҳамда М.П.нинг онаси ўртасида жанжал содир этилган, — дея изоҳ берган мактаб маъмурияти.
"Ҳолат юзасидан тезкорлик билан Шаҳрисабз туманидаги 33-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган. Ҳозирда ўқитувчи У.С. мурожаати Шаҳрисабз туман ИИБ масъуллари иштирокида атрофлича ўрганилмоқда", - дейилади муносабатда.
Ушбу ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизмати ҳам изоҳ берди.
"Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳолат юзасидан қўшимча ахборот берилади", - дейилади хабарда.