Жорий йил 1 октябрдан фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули (“суюнчи пули”) миқдори оширилган. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Октябрдан Ўзбекистонда фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули 738 150 сўмдан 811 965 сўмга оширилди. Бу энг кам иш ҳақи миқдори кўтарилгани билан боғлиқ. Яъни 1 октябрдан мамлакатда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 155 000 сўм этиб белгиланган. “Суюнчи пули” миқдори шундан 70,3 фоизини ташкил этади.
2024 йил 1 апрелдан фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули биринчи фарзанди учун барча аёлларга тўланмоқда. Иккинчи фарзанд учун эса бола туғилган пайтда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган оиланинг аъзоси бўлган аёлларга расмийлаштирилади. Қолган барча ҳолатларда фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини расмийлаштириш рад этилади.
Сентябрь ойида республикада нафақалар миқдори 15 фоизга оширилганди. Улар ойига қуйидаги миқдорларда тўланмоқда:
- Ёшга доир нафақа — 745 000 сўм;
- I гуруҳ ногиронлик нафақаси — 1 027 000 сўм;
- II гуруҳ ногиронлик нафақаси — 920 000 сўм;
- Ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болалар нафақаси — 920 000 сўм;
- Парваришлаш нафақаси миқдори — 745 000 сўм;
- Боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори — 745 000 сўм. Кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун — 244 000 сўмдан қўшилади;
- Дафн этиш нафақаси — 1 712 000 сўм.