Украина президенти Россияга қарши мудофаа уруши олиб бораётган мамлакатида қурол ишлаб чиқаришни сезиларли даражада кенгайтириш учун Ғарб сармоясидан фойдаланишни кўзда тутмоқда. Бу ҳақида zamon.uz хабар бермоқда.
"Бизнинг саноат салоҳиятимиз мамлакатимизнинг молиявий имкониятларидан кўра кўпроқ учувчисиз самолётлар, снарядлар ва ҳарбий техника ишлаб чиқариш имконини беради. Шу билан бирга, объектив сабабларга кўра қурол таъминотида ёрдам бера олмайдиган, ўзларида қурол етарли бўлмаган иттифоқчиларимиз ҳам бор. Улар бизга ўз қуроллари бера олишмайди, лекин молиялаштиришда ёрдам кўрсатишлари мумкин", — деди у ўзининг видеомурожаатида.
"Францияда ҳамкорликнинг янги моделини – давлатимиз ҳудудида Украина-Франция қўшма ишлаб чиқариш қувватларини яратишни муҳокама қилдик ва лойиҳа мудофаа вазирликлари даражасида ишлаб чиқилмоқда", — дея давом этди Зеленский. Президент, шунингдек, ҳамкор давлат ҳукумати қурол ишлаб чиқаришга сармоя жалб қиладиган “Дания модели”нинг муҳимлигини таъкидлади.