АсосийЖамият

Туркиялик хаттотнинг Эрдўғон учун кўчирган мусҳаф нусхаси Тошкентда намойиш қилинди

Ўзбекистонда маданий мерос ҳафталиги доирасида  19 октябрь куни Истанбуллик машҳур  хаттот ва исломшунос Ҳусайн Кутлу ҳам юртимизга келди.

'Туркиялик хаттотнинг Эрдўғон учун кўчирган мусҳаф нусхаси Тошкентда намойиш қилинди'ning rasmi

Ҳусайн Кутлу замонавий турк хаттотлик мактабининг энг таниқли вакилларидан бири. У 1949 йилда Туркиянинг Коня вилоятида туғилган. 1966-1967 йилларда Коня имом хатиблар мактабида, кейинчалик Истанбул университети Адабиёт факультетида таҳсил олди. Ўша пайтларда хаттотликка меҳр қўйди ва шу соҳаниг етук мутахассисига айланди. Истанбулдаги қатор масжидларда имомлик қилди. Шу билан бирга ўзининг хаттотлик мактабини яратиб, қатор ёшларга шу соҳа сирларини ўргатди. 

Айни пайтда Ҳусайн Кутлу Истанбул шаҳридаги ўзига қарашли бўлган Ислом цивилизацияси боғида истиқомат қилади. Бу боғни у шахсий ташаббуси ва Туркия Президенти Режеп  Таййип Эрдоғаннинг кўмагида яратган. Боғ тасаввуф ва тариқат йўналишида барпо этилган  бўлиб, рамзий ишораларни ўз ичида олади. Боғда ислом динининг муқаддасотларини тамсил этувчи дарахтлар экилган. Шунингдек бу боғда шифобахш гиёҳлар етиштирилади. Фариддин Атторниниг “Мантиқ ут-тайр” асарида номи зикр қилинган қушлар ҳам шу ерда сақланади.

Ҳусайн Кутлунинг энг катта ишларидан бири Қуръони каримни 1500 йиллик хаттотлик  ва китобат санъати анъаналари асосида қайта кўчириб чиққанидир. Бу янги қўлёзма 10 та жилдни ўз ичига олади. Унда пайғамбаримиз (с.а.в.) замонларидан то ХХ аср бошларига қадар давом этиб, келган китобат ва хаттотлик санъати намуналари, услуб ва безаклари киритилган. Жумладан, ушбу ўн жилдлик қўлёзмада Асри саодат (Пайғамбаримиз яшаган давр), умавийлар, аббосийлар, сомонийлар, қорахонийлар, салжуқийлар, ғазнавийлар, мамлуклар, усмонийлар, элхонийлар, темурийлар, сафавийлар, қожорлар, афшорлар, бобурийлар, шунингдек Туркияда республика эълон қилинганидан кейинги йилларга оид хат намуналари  ва безакли нақшлар киритилган.

“Мазкур қўлёзма устида  60 дан ортиқ шогирдларим билан биргаликда 8 йил давомида иш олиб бордик, - джейди Ҳусайн Кутлу. - Қўлёма материалларини тўплаш учун мусулмон дунёсининг турли нуқталаридан хомашё тўпладик. Жумладан, қўлёзма қоғозига Самарқанд ва Бухородаги қадамжоларда ўсган дарахтлар пўстлоғидан ҳам фойдаланилган.  Қуръони карим нусхасида олтин аралашмасидан тайёрланган зарҳал бўёқлар ҳам ишлатилган”.

Мазкур Қуръони карим нусхаси Туркия Президенти Режеп Тайип Эрдоғанга туҳфа қилинган. Китобнинг сўнгги саҳифаларида Президентга бағишланган мақтов ва дуолар араб алифбосида ҳуснихат билан ёзилган. Мазкур қўлёзманинг босма нусхалари Ҳусайн Кутлунинг махсус кутубхонасида кўпайтирилган ва сотувга чиқарилган.

Ҳусайн Кутлу ҳафталик давомида бир қатор тадбирларда қатнашди. Ўзбекисонлик хаттотлар билан учрашувлар, маҳорат дарслари ўтказди. Шунингдек, у ўзи ва шогирдлари томонидан яратилган “Истанбул мусҳафи”ни ҳам махсус кўргазмада намойиш қилди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар