Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Гидеон Лустиг билан учрашиб, Цви Коганнинг вафоти муносабати билан “чуқур ҳамдардлик” билдирди.
“Ўзбекистон халқи барча дин ва элат вакилларига азалдан дўстона муносабатда бўлиб келган. Биз миллатчиликнинг ҳеч қандай кўринишига тоқат қилмаганмиз ва бундан кейин ҳам тоқат қилмаймиз. Терроризм ва экстремизмнинг чегараси ва миллати йўқ. Ўзбекистон ҳукумати тергов жараёнларида БАА ва Исроил идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда”, – дея маълум қилди Саидов.
Эслатиб ўтамиз, Дубайда бедарак йўқолган 28 ёшли раввин Цви Коган кейинчалик Уммон билан чегарадош Ал-Айн шаҳрида ўлик ҳолда топилган эди. БАА Ички ишлар вазирлиги уни ўлдиришда гумон қилиниб, ҳибсга олинган уч нафар гумонланувчи Ўзбекистон фуқаролари эканини маълум қилганди.