Россиянинг газ экспорти улуши Европа иттифоқи импортлари таркибида яна ўсишни бошлади. Бу ҳақда zamon.uz хабар берди.
Маълум қилинишича, бу кўрсаткич Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан кейин кескин пасайган эди.
2022 йилнинг биринчи чорагида Россиядан келган газнинг Евроиттифоқдаги улуши 34 фоизни ташкил этган (иккинчи ўринда 25 фоиз билан Норвегия бўлган). Аммо 2023 йилнинг иккинчи чорагига келиб, Россия газининг улуши 14 фоизга тушган. Еврокомиссия маълумотларига кўра, шу пайтдан бошлаб импорт яна ўсишни бошлади.
2024 йилнинг биринчи чорагида Россия гази Европа иттифоқининг умумий газ импортининг 19 фоизини ташкил этди. Россия газ етказиб бериш бўйича Норвегия (34%) ва АҚШ (20%)дан кейинги ўринда турибди, аммо Жазоир (13%) ва Озарбайжон, Қатар, Буюк Британия ҳамда бошқа мамлакатлардан биргаликда етказиб берилаётган газни (14%) ортда қолдирди.
Bruegel таҳлил маркази маълумотларига кўра, Европа иттифоқининг газ импорти қиймати 2022 йил бошларида энг юқори нуқтага етган.