Татаристоннинг Малореченский қишлоғидаги чорвачилик мажмуаси ҳудудида ишчиларнинг вақтинчалик яшаш уйи ёниб кетди. Бу ҳақда Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бино ичида 39 киши бўлган. 33 киши мустақил равишда ташқарига чиқа олган, улардан бири жароҳатланган. Ўт ўчириш вақтида 6 нафар эркакнинг жасади топилган.
Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг аниқлик киритишича, ҳалок бўлганлар орасида 5 нафар ўзбекистонлик бўлган. Яқин орада ҳодиса юзасидан баёнот берилиши қўшимча қилинди.
Россия ФВВнинг 14 нафар мутахассиси ва 4 та техника воситаси 300 квадрат метр майдондаги ёнғинни бартараф этди. Дастлабки маълумотларга кўра, бу электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ.
Бир ҳафта олдин Россиянинг Ульяновск вилоятидаги ЙТҲда 5 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган.