Анқара Суриянинг янги ҳукуматига террорчилик ташкилотига қарши зарур чоралар кўриш мақсади масалани ҳал қилиш бўйича ҳар қандай сценарийга тайёргарлик кўрмоқда. Чегарадаги ҳарбий қисмлар эҳтимолий операция учун жанговор шайлик ҳолатига келтирилди. Бу ҳақда Turkiye gazetesi хабар бермоқда.
Туркия ҳукумати “Террорсиз Туркия” шиори остида ҳаракат қилиб, Сурия ва Ироқда PKK террорчилик ташкилотини тугатиш учун барча зарур чораларни кўрмоқда. Эрдўған ҳукумати Сурияга инфратузилма, энергетика, савдо ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ёрдам бериш ҳамда террорчиликка қарши қатъий чоралар кўришни давом эттирмоқда.
Анқара Сурия янги ҳукумати раҳбари Аҳмад аш-Шараъа билан бир неча бор музокаралар ўтказиб, PKK/YPGнинг тугатилиши бўйича талабларини очиқ баён қилди.
Террорчиларни йўқ қилишнинг икки босқичи кўзда тутилмоқда. Биринчи босқичда, Суриядаги хорижий террорчилар мамлакатни тарк этиши лозим. Иккинчи босқичда, YPGнинг бутун раҳбарияти, жумладан суриялик террорчилар ҳам, Сурияни тарк этиши керак. Сурия фуқаролари бўлганлари қуролларини топшириб, янги тизимга интеграция қилиниши шарт.
Таъкидланишича, Туркия ўз талабларининг бажарилишидан манфаатдор бўлгани ҳолда, ҳар қандай сценарийга тайёргарлик кўрмоқда. Чегарадаги ҳарбий қисмлар жанговор шай ҳолатгага келтирилган. Миллий мудофаа вазири Яшар Гулер Бош штаб бошлиғи ва қўмондонлар билан Сурия чегарасидаги вазиятни назорат қилиш ва текширув ишларини ўтказди.
Таъкидлаш жоиз, Анқара АҚШнинг “ИШИДга қарши кураш” баҳонаси остида PKK/YPGни қўллаб-қувватлашига эътироз билдирмоқда. Туркия ИШИДга қарши курашни янги Сурия ҳукумати назоратга олишга тайёрлигини таъкидламоқда ва зарур бўлса, ушбу масалада ўз ҳарбийларини кўмакка жўнатишини маълум қилди.
Айни кунларда Сурия Миллий Армияси ҳам фронт линиясига PKK/YPGга қарши оғир қуроллар ва жангчиларни жўнатди. Барча фронт чизиқларида жанговор шайлик энг юқори даражага кўтарилди.