Жанубий Кореянинг ҳибсга олинган президенти Юн Сок Ёл исён бўйича айбловлар юзасидан кўрсатма беришдан бош тортди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар тарқатди.
Лавозимидан четлатилган президент Юн Сок Ёл икки кундан буён ҳибсда сақланмоқда. Ҳозирда суд Юннинг адвокатлари томонидан билдирилган далилларни тингламоқда. Адвокатларга кўра, унинг ҳибсга олиниши ҳақидаги ордер ҳақиқий эмас.
Эслатиб ўтамиз, 15 январь куни Жанубий Корея полицияси президентни иккинчи уринишда ҳибсга олишга муваффақ бўлди. Юн Сок Ёлга исён ва ваколатларни суиистеъмол қилиш бўйича айбловлар қўйилган.
Декабрь ойи бошида Юн мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилишга муваффақиятсиз уринган эди. Шундан сўнг парламент уни исёнга уринишда айблади ва 14 декабрь куни унга импичмент эълон қилди.
Юн Сок Ёл президентлик вазифаларини бажаришдан четлатилган, аммо уни лавозимидан четлатиш учун импичмент Конституциявий суд томонидан тасдиқланиши керак.