АсосийЖамият

Самарқанд—Бухоро пулли автомобиль йўли қурилиши мумкин

Ушбу йўл қурилишида Туркия компанияси иштирок этади.

'Самарқанд—Бухоро пулли автомобиль йўли қурилиши мумкин'ning rasmi

Туркиянинг IC İçtaş İnşaat компанияси Ўзбекистондаги пулли автомобиль йўллари қурилишида иштирок этмоқчи. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 15 январь куни компания бошқарув кенгаши аъзоси Реха Денемеч ҳамда бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда компаниянинг IC İçtaş İnşaat қурилиш бизнесини ривожлантириш бўйича бош директори Егемен Илкин ҳамда Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳомжон Умрзаков, транспорт вазири ўринбосари Илҳомжон Абдугафаров, Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.

Унда томонлар ўртасида ДХШ дастурлари асосида транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, хусусан, автомобиль йўлларини қуриш ва модернизация қилиш масаласи кўриб чиқилди. Турк компаниясининг автомобиль йўллари, кўприклар ва аэропортлар қуриш йўналишидаги лойиҳалари юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида Туркия компанияси янги Самарқанд—Бухоро тезюрар пулли автомобиль йўлини қуришмақсадида Автомобиль йўллари қўмитаси билан англашув меморандуми имзолади.

Шунингдек, томонлар ДХШни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, унинг механизмлари ҳамда хорижий тажрибадан фойдаланиш борасида фикр алмашди. Музокаралар якунида белгиланган мақсадларга эришишда тизимли фаолият олиб боришга келишилди.

    Бошқа янгиликлар