Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги ёндашувлар асосида камбағалликни қисқартиришга оид чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди. Бу Президент матбуот хизмати хабар берди.
Бу йил 5 миллион 200 минг фуқаронинг бандлигини таъминлаш ва 1,5 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсад қилинган. Биринчи марта 60 та туман ва шаҳар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилади.
Маҳалла банкирлари билан бирга 1,5 миллион аҳоли доимий ишга жойлаштирилиб, 2 миллиондан зиёд одам бизнесга жалб қилинади. Шу мақсадда бу йил кичик бизнес лойиҳаларига жами 120 триллион сўм кредит ажратилади.
Илғор хорижий тажриба асосида 32 та йўналишда камбағалликни қисқартириш бўйича янги ёндашувлар йўлга қўйилади. Мисол учун, 300 та оғир маҳаллада умумий қуввати 107 мегаватт бўлган қуёш электр станциялари ишга туширилади. Уларга камбағал оилалар аъзолари кооперация асосида ишга олинади.
123 та туманда камбағал аҳоли 20 минг гектар ўрмон ва кўчатзор барпо этиш ҳамда доривор ўсимликлар етиштиришга жалб этилади. Улар эккан ҳар 100 та дарахт учун 375 минг сўм субсидия тўланади.
Туризм салоҳияти бор жойларда меҳмон уйлари ва ошхоналар, муайян почта бўлимларида электрон тижорат марказлари очилиб, камбағал оила вакиллари ишга олинади.
Умуман, жорий йилда 6 минг 472 та маҳаллада янги ёндашувлар асосида лойиҳалар амалга оширилиб, 210 минг нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилади.
Чекка ҳудудлардаги, оғир тоифадаги қишлоқларга алоҳида эътибор қаратилади. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси уларга ишчанлик руҳини олиб кириб, боқимандаликни камайтиришга, камбағал оилалар меҳнатини қўллаб-қувватлашга масъул бўлади.
Давлатимиз раҳбари 2025 йил ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришда ҳал қилувчи йил бўлишини яна бир бор таъкидлаб, бу борадаги чора-тадбирларни тартибли ва манзилли амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига бу вазифаларнинг бажарилишини қатъий назоратга олиш топширилди. Ҳар бир лойиҳа, ҳар бир чора-тадбир электрон платформага киритилиб, яратилган иш ўринлари солиқ базасида текширилиши белгиланди.
Маҳаллий ҳокимлик ходимлари ва “маҳалла еттилиги” учун ўқувлар ташкил этиш, яхши тажрибаларни тарғиб қилиш муҳимлиги айтилди.