АсосийЖамият

Навоийда ЙПХ ходими 16 ёшли ҳайдовчи сабаб вафот этди

Ҳайдовчи инспекторнинг тўхташ талабига бўйсунмай инспекторни уриб юборган ва воқеа жойидан қочиб кетган.

'Навоийда ЙПХ ходими 16 ёшли ҳайдовчи сабаб вафот этди'ning rasmi
Ижтимоий тармоқларда Навоий шаҳрида хизмат вазифасини олиб бораётган йўл-патруль хизмати инспекторини давлат рақамисиз ҳаракатланган Kia Sonet автомашинаси уриб кетиши оқибатида вафот этганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди.

Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизматининг маълум қилишича, 18 январдан 19 январга ўтар кечаси Навоий шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида хизмат олиб бораётган Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати инспектори Жасуржон Муҳаммадов давлат рақамисиз, йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ҳаракатланган Kia Sonet автомашинаси ҳайдовчисига тўхташ ишорасини қилган.  

Аммо ҳайдовчи инспекторнинг талабига бўйсунмасдан йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳолда инспекторни уриб юборган ва воқеа жойидан қочиб кетиб яширинган. Инспектор эса ҳодиса жойида вафот этган.  

Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари натижасида 2008 йилда туғилган, Навоий шаҳридаги 8-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси С.М отасига тегишли Kia Sonet автомашинасини ҳужжатсиз бошқаргани аниқланган. Машина яшириб қўйилган жойидан топилиб, жарима майдонига жойлаштирилган.  

Ҳозирда ҳолат бўйича Навоий шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.   

    Бошқа янгиликлар