Ўзбекистондаги 70 дан ортиқ парк аттракционлари қўлбола экани – ишлаб чиқарувчи корхона паспорти ва биркаси бўлмагани аниқланди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари Бекзод Бердиев маълум қилди.
Маълум қилинишича, республика ҳудудида жойлашган 148 та маданият ва истироҳат боғларида ўрнатилган жами 2 120 та аттракционлар ўрганиб чиқилган бўлиб, шундан қўлбола (ишлаб чиқарувчи корхона паспорти ва биркаси бўлмаган) аттракционлар 74 тани, носоз, ишлашга яроқсиз ҳолатда бўлган ҳамда фаолияти тўхтатилган аттракционлар 228 тани, шу кунга қадар рўйхатга олинган аттракционлар 1 100 тани ташкил этиши аниқланган.
Ўтказилган тадбирлар доирасида саноат, радиация ва ядро хавфсизлигига оид меъёрий ҳужжатлар талаблари бузилганлиги аниқланиб, қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича 1 843 та тавсиявий маълумотномалар расмийлаштирилган.