Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 февраль куни Япония Бош вазирининг махсус маслаҳатчиси Акихиса Нагасима бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорлик ва амалий шерикликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Махсус маслаҳатчи Акихиса Нагасима давлатимиз раҳбарига Япония Бош вазири Сигеру Исибанинг саломи ва шахсий мактубини етказди.
Япония Ўзбекистонда қонун устуворлигига асосланган эркин ва очиқ халқаро ҳамкорликни таъминлаш ва мустаҳкамлашда ўзининг ишончли ва узоқ муддатли стратегик шеригини кўраётгани таъкидланди.
Япония ҳукумати иқтисодий ва инновацион ҳамкорлик, энергетика, саноат, инфратузилма ва ижтимоий соҳалардаги кооперация, жадал таълим ва маданий алмашинувлар, туризм ва меҳнат миграцияси дастурлари, шунингдек, самарали минтақавий ҳамкорлик каби кенг кўламли йўналишларда икки томонлама муносабатлар жадал ривожланиб бораётганини юксак баҳолаётгани алоҳида қайд этилди.
2024 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 35 фоизга ошди. Япониянинг етакчи компания ва банклари билан лойиҳалар портфели 12 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда. Ўзбекистонда 100 га яқин қўшма корхона ва ташкилотлар, жумладан, Ўзбекистон-Япония маркази муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон етакчиси олий ва юқори даражадаги фаол мулоқотлар ва ўзаро ташрифларни давом эттириш муҳимлигини қайд этди. Савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник соҳалардаги, шу жумладан Япония ҳукуматининг Тараққиётга кўмаклашиш дастури доирасидаги ҳамкорликнинг кун тартиби сермазмун экани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон Президенти Япония ҳукуматига жорий йил апрель ойида Осака шаҳрида бошланадиган "Экспо" бутунжаҳон кўргазмасини муваффақиятли ўтказишни тилади.
Бўлажак "Марказий Осиё + Япония" форматидаги биринчи саммитга тайёргарлик доирасида минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.