АсосийДунё

Зеленский: Aгар сайловлар ўтказиш учун ҳарбий ҳолат тўхтатилса, армияни йўқотамиз

Бу ҳақда Украина давлати раҳбари Британиянинг ITV News телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.

'Зеленский: Aгар сайловлар ўтказиш учун ҳарбий ҳолат тўхтатилса, армияни йўқотамиз'ning rasmi

Зеленский: Aгар сайловлар ўтказиш учун ҳарбий ҳолат тўхтатилса, армияни йўқотамиз

Украина Президенти Владимир Зеленский агар сайловлар учун ҳарбий ҳолат бекор қилинса, Украина ўз армиясини йўқотиши мумкинлигини айтди. Унинг таъкидлашича, сайлов масаласи айнан Россия томонидан кўтарилмоқда.

Бу ҳақда Украина давлати раҳбари Британиянинг ITV News телеканалига берган интервьюсида маълум қилган, деб ёзади “Укринформ” ахборот агентлиги.

“Халқимиз уруш пайтида сайловлар ўтказилишига қарши, чунки нима бўлишини ҳамма тушунади. Мен сайловлардан қўрқмайман, лекин сайловлар қандай ўтади? Бунинг учун ҳарбий ҳолатни тугатишимиз ёки уни тўхтатиб туришимиз керак. Aгар биз ҳарбий ҳолатни тўхтатсак, армияни йўқотишимиз мумкин. Ва руслар хурсанд бўлишади, чунки жанговар руҳ ва қобилият масалалари йўқолади. Бундан ташқари, бундай армияни сақлаб қолиш қонуний жиҳатдан мумкин эмас. Бу ҳақиқат. Одамлар уйларига қайтадилар ва улар бундай қилишга қонуний ҳуқуққа эга бўладилар. Бу, шубҳасиз, Россия томонидан қарши ҳужум ҳаракатлари учун асос сифатида фойдаланилади”, деди Зеленский.

Унинг таъкидлашича, "сайлов мавзусини руслар кўтармоқда, чунки улар Украина тепасига ўз одамини қўйишни истаяпти".

Президент, шунингдек, ҳар бир фуқаронинг сайловда иштирок этишини таъминлаш мумкин эмаслигини таъкидлади.

“Ҳарбийлар қандай овоз беришади? Техник жиҳатдан бу жуда қийин. Уларсиз овоз бериш адолатсиз бўларди. Демократияни ҳимоя қилаётганлар сайловларда овоз бера олмаса, қандай демократия ҳақида гапириш мумкин? Чет элга чиқиб кетган миллионлаб одамлар ҳақида нима дейиш мумкин? Хорижда саккиз миллион одам бор ва улар учун зарур инфратузилмани яратиш зарур. Ва Россия босиб олган Украина ерларида яшовчи миллионлаб одамлар ҳақида нима дейиш мумкин?”, дея таъкидлаган Украина президенти.

Зеленский, ҳатто овоз беришдан кейин ҳам, Россия “бу сайловлар ноқонуний бўлган” деб даъво қилишига ишонишини қўшимча қилди.

“Россия чет элда юрганлар сайловда овоз бермаганликларини даъво қилади. Вақтинчалик босиб олинган, руслар назорати остидаги ҳудудларда халқ қандай қилиб ҳалол овоз бериши мумкин? Бу худди Қримдаги каби референдум бўлади”, — деди президент.

Унинг фикрича, руслар "Украинада тўлиқ беқарорлик" юзага келишига интилмоқда.

“Укринформ” хабар беришича, United News телемарафонига берган интервюсида президент Владимир Зеленский, сайлов ўтказишнинг асосий шарти - Украинада ҳарбий ҳолатни бекор қилиш эканлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, Трамп Россия президентини музокаралар ўтказишга қистай бошлагач, Путин Зеленский билан юзма-юз учрашмаслик учун янги баҳона топди: Украинада Зеленскийнинг президентлик муддати тугаса ҳам президент сайловлари ўтказилмади, демакки Зеленский нолегитим раҳбар, мен ноқонуний раҳбар билан учрашмайман, дея баёнот берди. 

Лекин Украина қонунларига кўра, мамлакатда уруш ҳолати эълон қилинса, сайловлар ўтказиш мумкин эмас.

Маълумот учун, Путининг ўзи конституцияда кўрсатилган 2 муддатни 2000-2008 йилларда ўтаб бўлгач, 2008-2012 йилларда Медведев билан вақтинча “ўрин алмашиб”, Бош вазир бўлиб турди. Кейин эса турли қалбаки референдум ва сайловлар ҳамда конституцияга ўзгартиришлар киритиш орқали 2012 йилдан бери 3-, 4-, 5-президентлик муддатларини ўтказиб келмоқда. Путин умумий ҳисобда амалда 23 йилдан бери Россия тепасида қолаяпти.

                                              Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар