АсосийЖамият

Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлиси 20 февраль куни чақирилади

Члпи мажлисда қатор масалаларни муҳокама қилиш назарда тутилган.

'Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлиси 20 февраль куни чақирилади'ning rasmi

17 февраль куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлисида Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисини 2025 йил 20 февраль куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати хабар қилди. 

Таъкидланишича, сенаторлар фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш, тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, кредит ахбороти алмашинувини янада такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилиги, ер участкаларидан фойдаланиш, қурилиш тартиби, донорлик ҳаракатига доир ҳамда оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунларни кўриб чиқишни режалаштирмоқда.

Жумладан, “Тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун тадбиркорлик субъектлари томонидан молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, бизнесни молиялаштиришнинг самарали воситаларини жорий этиш, пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш (факторинг) бўйича замонавий қонунчилик базасини яратишга хизмат қилади.

Шунингдек, кредит ахбороти алмашинувини тартибга солувчи қонун аҳолини кредитлаш соҳасидаги фирибгарлик жиноятларидан ҳимоя қилиш ҳамда ўзларининг хабарисиз уларнинг номларига кредит расмийлаштириш ҳамда масофадан туриб онлайн кредит маблағларини ечиб олиш ҳолатларини бартараф этиш имконини беради.

Ер участкаларидан фойдаланишга оид қонун маданий ҳордиқ масканлари ва бошқа яшил зоналарни муҳофаза қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратиш, уларнинг ҳудудларини сақлаб қолиш, мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, ер участкаларидан фойдаланиш жараёнида ер ва шаҳарсозлик қонунчилиги ўртасидаги муносабатларни таъминлаш, шунингдек, улардан фойдаланиш мақсади устидан назорат қилиш самарадорлигини оширишга қаратилган.

Шунингдек, ялпи мажлис кун тартибидан суд, маҳкумларнинг жазо ўташдаги ҳуқуқлари, чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳаси билан боғлиқ қонунлар ҳам ўрин олган.

Бундан ташқари, тўртинчи ялпи мажлисда бир қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш ва уларга қўшилиш масалалари акс этган қонунлар ҳам кўриб чиқилади. Шу билан бирга, Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинади.

    Бошқа янгиликлар