АсосийЖамият

Тошкентда 20 дан ортиқ жанговар ва пневматик қурол сақлаган шахслар ушланди

Тезкор-профилактик тадбирда 1 та жанговар, 21 та пневматик қурол ва 7 та ўқотар ов милтиғи ҳамда 14 дона ўқ-дорилар ноқонуний муомаладан олинди.

'Тошкентда 20 дан ортиқ жанговар ва пневматик қурол сақлаган шахслар ушланди'ning rasmi

Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 15 январь кунидан 15 февраль кунига қадар олиб борилган “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” комплекс махсус тезкор-профилактик тадбирларида 1 та жанговар, 21 та пневматик қурол ва 7 та ўқотар ов милтиғи ҳамда 14 дона ўқ-дорилар ноқонуний муомаладан олинди. Бу ҳақда Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Ташкил этилган махсус гуруҳлар томонидан жами 801 та гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи воситаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди. Улар бўйича 567 та жиноят иши қўзғатилди, 158 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилди, 76 та ҳолат бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида жами 21 килограмм 818 грамм гиёҳвандлик воситалари, 28 минг 790 та кучли таъсир қилувчи, 26 килограмм “прегабалин” дори воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.

Гиёҳвандлик воситаларини яшириш усули орқали тарқатувчилар билан боғлиқ 34 та ҳолат аниқланиб, унинг натижасида 9 килограмм 538 грамм ноқонуний гиёҳвандлик моддалари ҳамда 3689 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласи тўхтатиб қолинди.

Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг савдоси билан шуғулланувчи интернет дўконлари, уларнинг администратор ва операторларини аниқлаш, фаолиятига чек қўйиш борасида тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди. Бундай интернет дўконларнинг рекламаси акс этган жами 1323 та “наркограффити”лар аниқланиб, бартараф қилинди.

Гиёҳванд моддалар ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситаларига ружу қўйган 501 нафар шахс махсус тиббиёт муассасаларига даволанишга ётқизилди.

Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жами 488 та жиноятлар “иссиқ изидан” фош этилди, 160 нафар қидирувдаги шахс ушланди, 45 нафар бедарак йўқолганлар аниқланиб яқинларига қайтарилди.

Ўткир тиғли буюмларни қонунга хилоф равишда олиб юрган 2181 нафар фуқаро аниқланиб, тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Тезкор тадбирлар давомида 1 та жанговар (ПМ), 21 та пневматик қурол ва 7 та ўқотар ов милтиғи ҳамда 14 дона ўқ-дорилар ноқонуний муомаладан олинди. Ҳар бир ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ 102 минг 404 та қоидабузарлик аниқланган. Шундан, қўпол қоидабузарликлар 9807 та, маст ҳолда автомашина бошқариш 366 та, светофор ишораларига амал қилмаслик 83 тани ташкил қилмоқда.

    Бошқа янгиликлар