Аргентина ҳукумати мамлакатда кучли сув тошқинлари натижасида 16 нафар одам ҳалок бўлганидан сўнг уч кунлик миллий мотам эълон қилди. Баия-Бланка шаҳрида бир йиллик ёмғир бир неча соат ичида ёғиб, бутун маҳаллаларни сув босди. 963 киши хавфсиз жойга эвакуация қилинган.
Фожиали воқеа давомида бир ва беш ёшли икки қиз сув оқими томонидан олиб кетилди. Ҳали ҳам бедарак йўқолганлар борлиги ҳақида хабарлар келмоқда.
Жума куни Баия-Бланка шаҳри ва унинг атрофларига бир йиллик ёмғир миқдори бир неча соат ичида ёғиб тушди. Бу Аргентинанинг Буэнос-Айрес вилояти жанубидаги йирик порт шаҳри бўлиб, тез кўтарилган сув тўлқинлари бутун маҳаллаларни сув остида қолдирди.
Провинция хавфсизлик вазири Хавьер Алонсо якшанба куни тасдиқлашича, ҳалок бўлганлар орасида икки қизалоқ ҳам бор. Улар онаси билан бирга сувдан қочиш мақсадида машина томига чиққан, аммо кучли оқим қизларни олиб кетган. Онаси эса қутқариб қолинган.
Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда, баъзи жойларда сув сатҳи бир метрдан ошиқ қолмоқда.
Баия-Бланка шаҳар мэри Федерико Сусбиеллес матбуот анжуманида сув тошқинлари инфратузилмага 400 миллион доллар зарар етказганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар сони кўпроқ бўлиши мумкин, чунки қидирув ишлари ҳали ҳам давом этмоқда.
Шаҳар маъмурияти кучли ёмғир оқибатида катта ҳажмдаги сув йиғилгани учун электр таъминотини вақтинча ўчиришга мажбур бўлди.
Аргентина президенти Хавьер Милей якшанба куни расман уч кунлик миллий мотам эълон қилди ва ҳукумат жабрланганларга ёрдам бериш учун барча кучларни сафарбар қилишини таъкидлади.
Ҳукумат фавқулодда тиклаш ишлари учун 10 миллиард песо (расмий курс бўйича 9,2 миллион доллар) ажратганини маълум қилди.
Аргентина футболи юлдузи Лионель Месси Instagram саҳифасида жабрланганларнинг оиласига ҳамдардлик билдирди:
"Бу оғир дамларда қийинчиликка дуч келганларнинг барчасига куч-ғайрат тилайман."
Экологик сиёсат бўйича мутахассис Андреа Дуфург бу офат иқлим ўзгаришининг аниқ намунаси эканлигини таъкидлади.
"Афсуски, бундай ҳодисалар давом этади... Бизнинг ягона имконимиз шаҳарларни тайёрлаш, аҳолини хабардор қилиш ва самарали эрта огоҳлантириш тизимларини йўлга қўйишдир," — деди у.
Баия-Бланка аввал ҳам кучли табиий офатлардан жабр кўрган. Хусусан, 2023 йил декабрида содир бўлган бўрон 13 кишининг ҳаётига зомин бўлган ва инфратузилмага катта зарар етказган эди.
Абдуллоҳ Саййид