2024 йили Ўзбекистондаги судларда 61 481 та жиноий иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд маълумот берди.
Йил давомида жиноят ишлари бўйича судларда охирги беш йилликдаги энг кўп — 77 995 киши судланган. Улар содир этган жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси турлича. Хусусан, 31 212 шахс (40 фоиз) ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 19 688 фуқаро (25 фоиз) унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этган. Қарийб 22 951 киши (29 фоиз) оғир, 4 144 киши (5 фоиз) ўта оғир жиноят содир этган.
Биринчи инстанция судларида энг кўп кўриб чиқилган жиноят ишлари Тошкент шаҳрида қайд этилган — 9 886 та. Энг кўп судланганлар ҳам пойтахда — 12 038 нафар. Кейинги ўринда Тошкент вилоятида жиноят ишлари бўйича судланганлар сони бошқа ҳудудларга нисбатан сезиларли юқори — 10 238 нафар.
Судланганларнинг 402 нафари қасддан одам ўлдириш, 2 780 нафари қасддан баданга оғир ёки ўртача тан жароҳати етказиш, 272 нафари номусга тегиш, 336 нафари босқинчилик, 833 нафари талончилик жиноятларини содир этган. Қуйидаги турдаги жиноятларга энг кўп қўл урилган:
- Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (ЖК 167-моддаси) — 6 042 киши;
- Ўғирлик — 8 321 киши;
- Ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш — 3 221 киши;
- Гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар — 8 373 киши;
- Безорилик 3 223 киши.
Ўтган йили республикада қарийб 20 655 шахсга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бу охирги беш йилликдаги рекорд рақамдир. Жумладан, 2020 йилда 7107 киши, 2021 йилда 12 922 киши, 2022 йилда 17 610 киши, 2023 йил 17 391 киши озодликдан маҳрум этилган.
2024 йилда ҳудудлар кесимида озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган энг кўп шахслар сони Тошкент шаҳрида қайд этилган — 3 890 нафар. Шу билан бирга, Тошкент (2 455 киши) ва Фарғона (2 311 киши) вилоятларида мазкур кўрсаткич юқори бўлган. Энг кам кўрсаткич эса Қорақалпоғистонда (577 нафар) кузатилган.
Ўтган йили судлар томонидан жами 723 киши оқланган. Бу охирги етти йил ичидаги энг кам кўрсаткич.