АсосийДунё

Саудия Арабистонида Украинада тинчлик бўйича музокаралар бошланди

Музокаралар Украина дронларининг Москва шаҳри ва вилоятига уюштирган кенг кўламли ҳужумларидан бир неча соат ўтгач бошланди.

'Саудия Арабистонида Украинада тинчлик бўйича музокаралар бошланди'ning rasmi

Украина дронларининг Москва шаҳри ва вилоятига уюштирган кенг кўламли ҳужумларидан бир неча соат ўтгач, Саудия Арабистонида Украинада тинчлик бўйича музокаралар бошланди.

АҚШ ва Украина делегациялари бугун Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида, Ritz-Carlton меҳмонхонасида тинчлик музокараларини бошлади. Музокараларда Киев номидан Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха ва мудофаа вазири Рустем Умеров иштирок этмоқда. Владимир Зеленский музокараларда қатнашмаяпти.

АҚШ делегациясига АҚШ давлат котиби Марко Рубио бошчилик қилмоқда, у музокаралардаги энг юқори мартабали Америка вакили ҳисобланади. Шунингдек, Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Уолц ҳам делегация таркибиди.

Украина президенти офиси раҳбари Андрий Ермак музокаралар давом этаётган суратларни "X" ижтимоий тармоғида эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, делегациялар Жиддада "фаол иш бошлаган".

Кейинги баёнотида у музокаралар "жуда конструктив тарзда" бошланганини таъкидлади.

АҚШ вакиллари Украина тинчликка эришиш учун "мураккаб қадамлар" ташлашга тайёрми-йўқми" эканлигини билиб олишни истамоқда.

Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Марко Рубио маълум қилди. У бугунги музокараларда иштирок этаётгани билан бирга, ўтган ой Риёзда Америка ва Россия вакиллари ўртасида бўлган музокараларда ҳам қатнашган.

Рубио журналистларга, агар Украина ва АҚШ ўзаро келишувга эриша олса ва бу Дональд Трамп учун мақбул бўлса, АҚШ янги маъмурияти тинчлик музокараларини жадаллаштириши мумкинлигини билдирди.

"Биз бу ердан шундай хулоса билан чиқишимиз керакки, Украина ҳам, Россия ҳам урушни тугатиш учун оғир қарорлар қабул қилишга тайёр бўлиши лозим", — деди у.

Рубио Украинага ҳеч қандай шарт қўймаслигини, аммо Киев қай даражада тайёр эканлигини билиб олиш муҳимлигини қайд этди.

"Биз улар қанчалик йўлга тайёр эканлигини тинглаймиз ва буни россияликлар талаблари билан солиштирамиз. Ана шунда биз ҳақиқий фарқни аниқ кўра оламиз."

Музокаралар олдин Рубио “Украина ҳудудларини қайтариб олиши имконсизлиги, айрим ҳудудий возкечишларга тайёр туриши кераклиги” ҳақида баёнот берган эди.

Икки юқори мартабали украин манбасига кўра, Киев музокараларда Қора денгизда ва узоқ масофага учадиган ракеталардан зарба бериш бўйича вақтинчалик ўт очишни таклиф қилади.

Шунингдек, музокараларга асирларни алмашиш масаласи ҳам киритилган.

Associated Press агентлигига кўра, Украина музокаралар доирасида АҚШ билан стратегик муҳим минераллар бўйича келишув имзолашга ҳам тайёр.

Украина президенти офиси раҳбари Андрий Ермак Telegram саҳифасида Украина "урушни тугатиш бўйича аниқ концепция" билан музокараларга киришганини маълум қилди.

Киев, шунингдек, АҚШни ўтган ҳафтада тўхтатилган ҳарбий ёрдам ва разведка маълумотлари алмашиш жараёнини қайта тиклашга ундамоқчи.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио таъкидлашича, агар Украина тинчлик жараёнига қатъий киришишни ваъда қилса, бу икки масала қайта кўриб чиқилиши мумкин.

"Ёрдам тўхтатилгани сабаби — биз Украина музокараларга жиддий ёндашмаяпти, деб ҳисоблаган эдик. Агар бу ўзгарса, АҚШ сиёсати ҳам ўзгариши эҳтимоли юқори."

Рубио музокаралардан катта натижа кутаётганини ва тинчлик жараёнида янги босқичга ўтишга умид қилаётганини қўшимча қилди. "Мен умид қиламанки, эртага яхши музокаралар ўтказамиз ва вазиятни бошқача нуқтаи назардан кўриб чиқамиз.", деган АҚШ Давлат котиби.

Такъидалш керак, АҚШ расмийлари Киевнинг чақириқларига қарамай, Украинанинг 2014 ёки 2022 йиллардаги чегараларни тиклаш талабларини муҳокама қилишни истамаяпти.

Музокаралар давом этмоқда.

Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар