Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан белгиланмаган жойларга чиқинди ташлашга қарши навбатдаги рейд тадбирлари ўтказилди.
Экология вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 12 март куни ўтказилган рейд давомида пойтахт ҳудудида бир куннинг ўзида чиқинди ташлаш билан боғлиқ 16 та ҳуқуқбузарлик аниқланди. Ҳуқуқбузарларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 91прим 1-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва жами 11 миллион 375 минг сўм жарима қўлланилди.
Маълумот учун, МЖтКнинг 91прим 1-моддаси 1-қисмига кўра, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача (375 000 — 1 125 000 сўм), мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача (3 750 000 — 7 500 000 сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача (1 875 000 — 3 500 000 сўм), мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача (7 500 000 — 11 250 000 сўм) миқдорда жарима солинади.
Рейд тадбирлари давом эттирилмоқда.